Козимжон Комилов: Элбек Раҳимов қотилларининг иши очиқ судда кўрилади
Аввал хабар қилинганидек, Қашқадарё вилояти прокуратурасида Ўзбекистон Бош прокуратураси, Олий суд ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Нитғматилла Йўлдошев, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Олий суд раиси Козимжон Комилов марҳум спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ воқеага тўхталиб, воқеа сабаблари, жараёнлари, оқибатлари ҳақида маълумот берди.
Олий суд раиси Козимжон Комилов томонидан бу бўйича суд иши барча учун очиқ тарзда ўтказилиши маълум қилинди.
“Тергов ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким айбдор бўлади, мен билмайман. Лекин уларнинг иши очиқ судда кўрилади ва унда журналист, блогерлар бемалол қатнашиши мумкин бўлади”, деди Олий суд раиси.
Маълумот учун, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА