Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига қарашли Бухоро вилояти Шофиркон ўқув- ишлаб чиқариш корхонаси янги лойиҳа асосида қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ўтган асрнинг 80-йилларида иш бошлаган Шофиркон ўқув -ишлаб чиқариш корхонаси кўримсиз ҳолга келиб қолганди. Бу ерда ишлаётган ўнга яқин ишчи-ходимга муносиб меҳнат шароити ҳам таъминланмаган эди.
Ўтган 2023 йилда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилоят бўлимининг “Эзгулик рамзи” ижтимоий лойиҳаси ҳамда Шофиркон туман ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида тумандаги кўришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ва меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида бу ердаги мавжуд бино-иншоотларни реконструкция қилишга киришилди.
Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 1 миллиард 400 миллион сўм миқдорида давлат субсидия маблағи ажратилди.
[gallery-18960]
Лойиҳа доирасидаги ишлар ўз ниҳоясига етди. Натижада “O'rikzor Ipak yo'li tesktil” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан 225 метр квадратдан иборат ишлаб чиқариш цехи, 200 метр квадратдан иборат икки қаватли маъмурий бино янгиланди. Маънавият зали ва савдо дўкони учун мўлжалланган объект қурилди. Яна иккита ишлаб чиқариш цехи реконструкция қилинди. Эътиборли томони, умумий ҳисобда 25 нафар ишчи-ходимга замонавий меҳнат шароити ҳозирланди.
– Мазкур давлат субсидия маблағи асосида Шофиркон туманидаги 360 нафар кўзи ожиз фуқаронинг ижтимоий, иқтисодий аҳволи яхшиланди, –дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилояти бўлими раҳбари Жалил Раҳматов. –Уларнинг бандлигини таъминлаш, қулай шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришни мақсад қилган эдик. Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги олдидан мана шу мақсадимизга эришдик. Лойиҳа доирасида тумандаги кўзи ожизлар қўллаб-қувватланиб, уларнинг оилаларида моддий-маънавий фаровонлик ошмоқда. Жамиятнинг ишлаб чиқариш, маъмурий бинолари янгиланди. Ер майдонлари ободонлаштирилди. Жамиятимиз аъзолари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилди. Янги иш ўринлари яратилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tFZz2_CJqxo" title="Koʻzi ojizlarga sharoitlar yaratildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мазкур корхона имконияти чекланган, айниқса, кўришда нуқсони бор шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётида янада фаол бўлиши учун жуда муҳим объектга айланди.
Тантанали тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раисининг ўринбосари Абдураҳмон Абдуллаев қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат+видео), ЎзА мухбирлари