Инклюзив таълимни ривожлантириш ва барча фуқаролар учун тенг имкониятларни таъминлаш давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Шу боис кўзи ожиз шахслар учун махсус форматда чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари ташкил этилди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, талабгорлар учун қулайлик яратиш мақсадида имтиҳонлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида компьютерлар орқали, махсус ишлаб чиқилган дастур асосида ўтказилди.

Бу эса иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини адолатли ҳамда холис баҳолаш имконини берди.
Махсус имтиҳон жараёнида кўзи ожиз шахсларга ёрдам кўрсатиш учун ассистентлар бириктирилди. Улар иштирокчиларга техник жиҳатдан кўмаклашиб, имтиҳон жараёнининг муваффақиятли ўтишига ҳисса қўшди.

Имтиҳон асосан тинглаб тушуниш ва гапириш кўникмаларини баҳолашга қаратилган бўлиб, республика бўйича жами 67 нафар талабгор мазкур синовда иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, махсус имтиҳон натижалари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 13 февраль куни эълон қилинади.
Мазкур ташаббус кўзи ожиз шахсларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА