“Ҳудудгазтаъминот” АЖ тизим корхоналари комплаенс назорат тузилмалари томонидан ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда жойларда газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти Вобкент тумани “Қурувчи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи С.Р. хонадони кўздан кечирилганда фуқаро табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Қонунчиликда белгиланган тартибда далолатнома тузилди ва қайта ҳисоб-китоб амалга оширилиб, қоидабузарга нисбатан 14,7 миллион сўм жарима белгиланди.
Шунга ўхшаш ҳолат вилоятнинг Ромитан туманида ҳам қайд этилди. Қумрабод маҳалласида истиқомат қилувчи Т.Ж. хонадонида ҳисоблагичдан ташқари резина шланг орқали газ тармоғига уланиб, “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 10,4 миллион сўмлик табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шунингдек, Қоровулбозор туманидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С.К. хонадонида истеъмолчи ҳисоблагичнинг фильтр қисмига резина шланг орқали уланиб, табиий газдан ўғринча фойдалангани ва 5,3 миллион сўмлик зарар келтиргани маълум бўлди.
Барча ҳолатлар бўйича расмий ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.