Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўз тегмасин сенга, Қорақалпоғим!
18:14 / 2022-07-04

Ўзбек халқи қорақалпоқлар билан азал-азалдан дўст-биродар, туғишгандай оға-ини, қуда-қудағай бўлиб келган.

Қолаверса, икки халқнинг орзу интилишлари, қувончу ташвишлари, қадриятлари битта маънавий сарчашмалардан сув ичган. Кўнгли бир, дини бир, дилидаги худоси бир. Қўш дарахтнинг муаззам шохларидек тақдири, келажаги, йўллари бирлашиб, чирмашиб кетган.  

Қорақалпоқ ҳам, ўзбек ҳам ўтмишда бошига тушган кўргилик, зулму заволларга қарши биргалашиб курашган, мустақиллик, озодлик учун қон кечган, аччиқ-чучукни бирга тотган. Мустақиллик туфайли буюк карвоннинг, эртанги истиқбол, тараққиётнинг битта йўлида, нимаики бахт, шараф, саодат топаётган бўлса иккала халқнинг хоҳиш-иродаси, бирдамлиги билан рўёбга чиқмоқда. Қорақалпоқ адабиёти – ўзбек адабиётининг ганжинаси, миллий ифтихори. Қорақалпоқ элининг улуғ ёзувчилари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенисбой Каримов, таниқли, пешқадам шоиралар Гулистон Матёқубова, Муҳаббатхон, Бахтиёржонлар билан тез-тез гурунглашамиз. 

Бир-биримизга чексиз муҳаббатимиз, оқибатимиз туфайли янги асарларимизни таржима қилиб, халқларимизга илинамиз. Кўришмасак, овозимизни эшитмасак соғиниб қоламиз. Элликқалъада бўладиган Адабиёт байрамлари бизга илҳом ва куч бағишлайди.  

Қорақалпоғистонлик сенаторларимиз Орал Аминовна, Фарҳод Ўрозбоевич, Абатбай Сапарбаевичлар билан икки халқнинг ўй-фикрлари, қизиқишлари, муаммолари юзасидан баҳслашиб, муваффақиятларидан қувониб, ғурурланамиз. Ахир ўтган жуда қисқа даврда Қорақалпоғистонда чорак асрларга татийдиган буюк, инқилобий ўзгаришлар содир бўлди. Ҳар бир қишлоқнинг архитектура қиёфаси, кўрку таровати ўзгарди. 

Икки халқни бирлаштирадиган, қудратли қиладиган дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Шунинг учунми Конституциямизга ўзгартишлар муносабати билан келиб чиққан англашилмовчиликлар, намойишлар, қаршиликлар бизни ҳайрон қолдирди. Кўзимиздан уйқу қочди. Илдизлари, тарихий ришталари бир, ҳамфикр, ҳамдўст халқнинг орасига совуқчилик тушириш, дўстлигига рахна солиш, йўлига ғов қўйиш кимга керак бўлди?  

Албатта, бундай таги пуч, иғвогарона ғоялар қадимий дўстлик, қардошлигимизга соя сололмайди. Бундай маккорона режалар икки халқнинг иродасини синдиролмайди. Бугун дунёни қайтадан бўлиб олиш учун турли сиёсий фитналар, урушлар, ўйинлар гирдобида турган бир мураккаб, зиддиятли пайтда янада ҳушёр, огоҳ бўлишимиз, ватанимиз мустақиллиги, озодлигини қўриқлашга ҳамиша тайёр туришимиз зарурлигини бўлаётган воқеликларнинг ўзи исботлаб турибди. Уларнинг асосий мақсади, Президентимиз таъкидлаганларидек, жамиятни пароканда қилиш, давлатимиз томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик сиёсатига бўлган ишончни сусайтириш, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига путур етказишдан иборатдир.  

Бош прокуратуранинг Қорақалпоғистон Республикасида юз берган оммавий тартибсизликлар оқибатлари ҳақидаги маълумотини эшитиб, қалбимиз жунбушга келди. Фитначиларнинг асл юзи очилмоқда. Ишончимиз комилки, мард, жасур, донишманд қорақалпоқ халқи турли иғво, бўҳтонларга, бизнинг дўстлигимиз, тинчлигимизга кўз тиккан бузғунчиларнинг қора, разил ниятлари моҳиятини чуқур англаб етди.

Президентимиз воқеа жойига бориб, халқ билан, фаоллар билан учрашди. “Қорақалпоқ халқи норози бўлса бирорта модда ўзгармайди!”. Ватанимизнинг тинчлиги, улуғ йўлга чиққан янги Ўзбекистоннинг келажаги, обрў-эътибори учун шундай оқилона, эзгу қарор қабул қилдилар. Бу ўзбек халқининг бағрикенглиги, дўсту биродарининг қадру қимматини ўзидан устун қўйиши, донишманд йўлбошчисининг адолатпарварлиги, халқпарварлиги келажак учун танланган одилона йўлдир. Икки улуғ халқнинг дўстлиги, меҳр ришталари ўла ўлгунчадир ва унга ҳеч ким нифоқ сололмайди.  

Энахон Сиддиқова, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси,  
Ўзбекистон халқ шоири