Бухоролик Султон Султонов 16 ёшида кўзи хасталаниб, жарроҳлик амалиётидан сўнг умуман кўрмай қолган. У бу зарбадан даҳшатга тушиб, анчагача ўзига келолмай юрди. Аммо атрофдагиларнинг ёрдами, қўллаб-қувватлаши туфайли орадан 10 йил ўтиб, кўзи ожизлик – имконсизлик эмаслиги, асл ожизлик – қалб кўзининг сўқирлигида эканлигини англаб етади. Истаса, шу ҳолда ҳам жамиятга, атрофдагиларга наф келтира олишини тушунади.
Айни пайтда Султон Султонов Бухоро шаҳридаги 24- кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида она тили ва адабиёти фанидан дарс беради. 16 ёшига қадар кўрганларини ўқувчилари ҳам аниқ тасаввур қилиши учун турли кўргазмалар, ихтиролар яратмоқда.
Брайл алифбосига мўлжалланган ёзув доскаси ҳам унинг ана шундай ихтироларидан биридир.
–Махсус мактаб-интернатида иш бошлаган кезларим доим ўзимнинг ўқувчилик даврларим тасаввуримда жонланарди, – дейди Султон муаллим. – Ўқитувчиларимиз берган топшириқларни бўр орқали ёзув тахтасида бажарганмиз. Доскада машқ бажариш, доскага чиқиб саволларга жавоб беришнинг ўзига хос масъулияти бўлади, бу тахлит ўрганганлари хотирасида чуқурроқ муҳрланиб қолади. Ўқувчиларим учун ҳам ана шундай муҳит ва имконият яратиш мақсадида Брайл алифбосида ёзишга мўлжалланган ёзув доскаси яратдим. Айни пайтда ўқувчиларим бу доскадан нафақат она тили ва адабиёт дарсларида, балки бошқа дарсларда ҳам самарали фойдаланаётганидан хурсандман.
Султон муаллим шунингдек, ўқувчиларнинг тасаввурларини бойитишга хизмат қиладиган ўнлаб кўргазмалар яратди. Улардан бири – ҳаракатланувчи “Коинот” макети. Бу макетда сайёралар кетма-кетликда бўртма тарзда жойлаштирилган бўлиб, ўқувчилар қўл сезгилари орқали коинот ҳақида тўла тасаввурга эга бўлади.
Доимий изланишда, имкониятлардан фойдаланишга интилиб келаётган Султон муаллим маҳоратли устоз бўлибгина қолмай, спорт йўналишида ҳам қатор ютуқларни қўлга киритмоқда. 2007 йилдан буён у спортнинг сузиш ва дюздо тури бўйича ногиронлар ўртасида ўтказиб келинаётган республика чемпионатларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Яқинда парадюздо бўйича ўтказилган республика чемпионатида совринли ўринни қўлга киритди.
Зариф Комилов, ЎзА