Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ковул – сердаромад, шифобахш ўсимлик
17:48 / 2023-10-06

Қарор ва ижро

Жиззах вилоятида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 мартдаги “Республикада каврак (ковул) плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда экспорт қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Каврак (Capparis spinosa L.) ёки халқ тилида ковул, баъзи ҳудудларда ковар деб юритилувчи тоғолди, қир-адирлик, даштликларда табиий ҳолда ўсувчи ушбу ўсимликни билмаган киши бўлмаса керак. Ковулдошлар оиласига мансуб ушбу ўсимлик, ярим бута шаклида, поя ва шохчалари ётиқ, барги тухумсимон, гули йирик, оқ ёки оч пушти, меваси қизил этли, кўп уруғли бўлади.

Ковул – Ўрта Осиё, Қрим, Кавказ, Ўртаер денгизи ва Шимолий Африканинг тошлоқ ерларида кўп тарқалган. Жанубий Европада эса маданий экин сифатида экилади. Ушбу ўсимликнинг мевасида 18 фоиз оқсил моддалари, 36 фоиз атрофида мой бўлиб, унинг уруғлари июль-августь ойларида пишиб етилади, ундан (асосан жанубий Европа, ғарбий ва жанубий Осиё ҳамда шимолий Америка давлатларида) озиқ-овқат маҳсулоти сифатида ҳам кенг фойдаланилади. 

Табобатда эса ушбу доривор ўсимликнинг пишган ва хом меваси, барглари, новда ва илдиз пўстлоғи ишлатилиб, ундан турли дармондори ва дориворлар тайёрланади.

Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино ковулдан кўплаб касалликларни даволашда қўл келадиган дармондорилар тайёрлаш усуллари ҳақида: “...ковулнинг энг фойдали қисми илдизининг пўстлоғидир. Ёнбош оғриқларига шифодир. Агар ковулдан олинган шира билан ҳуқна қилинса, фалаж ва увишишга даво бўлади. Ирингли яралар ва яллиғланишларни тез тузатади. Тузланган ковул астма билан оғриган кишиларга фойда қилади. Ичаклардаги гижжаларни ўлдиради. Бавосилга фойда қилади, шаҳвоний қувватни оширади” дея ёзиб қолдирган.

Табиатда ковулнинг қирқққа яқин тури мавжуд бўлиб, ёввойи ҳолда ўсадиган ушбу доривор ўсимликнинг мамлакатимизда асосан 3 тури: сассиқ ковул, кўҳистон ковули ва шаир ковулини кўпроқ учратиш мумкин.

Ёввойи ёки табиий ҳолда Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари, шу жумладан, Жиззах вилоятининг Зомин, Ғаллаорол, Фориш, Шароф Рашидов туманларидаги тоғолди, қир-адирлик ва дашт ҳудудларида кўплаб учрайди. 

Лекин минг афсуски, ушбу ўсимлик йилдан-йилга кўпайтирилиши ўрнига камайиб, ҳатто баъзи ҳудудларимизда йўқолиб кетмоқда. Бунинг сабаби эса, ковул мевасини териш тартибига риоя қилинмасдан, меваларнинг пояси билан қўшиб юлиб олинаётганидан бўлса, ажаб эмас. 

Ковул аслида ер танламайдиган ўсимлик, агротехникаси ҳам у қадар мураккаб эмас ва у қадар парвариш, маблағ сарф-харажат, минерал ва маҳаллий ўғитлар, жўякма-жўяк суғоришни ҳам талаб этмайди. Унга қоровуллик қилиш ҳам шарт эмас. Чунки ковул турли паррандаю дарранда ва ўтхўр жондорлардан ўзини ўзи ўткир тиканчалари ва ёқимсиз ҳид таратиши билан ҳимояланиш ва, ўз навбатида, қуёшдан энергия олиб, ер тубидан озуқланиш хусусиятига эга. 

Президентимизнинг 2018 йил 20 мартдаги юқорида номи айтилган қарорида Ўзбекистон Республикаси флорасида табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар захираларидан барқарор фойдаланиш, жумладан, айрим доривор ўсимликларнинг плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хомашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш ва экспорт қилиш лозимлиги хусусида алоҳида таъкидлаб ўтилган. 

Ушбу қарор ҳамда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида вилоятнинг Зомин туманида ҳам манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, фаолият бошлаганига унчалик кўп вақт бўлмаган “Зомин саховат” масъулияти чекланган жамияти ҳам мазкур дастурга киритилиб, солиқлардан алоҳида имтиёзларга эга бўлди. 

Корхона ходимлари томонидан айни дамда 300 гектар ер майдонида ковилнинг “Ўзбекистон – 20” нави етиштирилмоқда. Энг муҳими, 50 нафардан ортиқ зоминлик ёш йигит-қизлар янги, доимий ва даромадли иш ўринларига эга бўлди.

– Ўтган йили жамоамиз аъзолари 300 тонна доривор ковул маҳсулоти етиштиришга эришган бўлсак, жорий мавсумда 500 тонна ковул хомашёси сотишни режалаштираяпмиз, – дейди “Зомин саховат” МЧЖ раҳбари Мирзабек Хидиров. – Вилоят солиқ бошқармаси кўмаги билан дастур асосида банкдан 300 миллион сўмлик имтиёзли кредит олдик. Ана шу маблағлар ҳисобидан хориждан ковулни саралаб, қолиплайдиган замонавий технологик ускуналар келтирилиб ўрнатилди. 

Яқин келажакда фаолиятимизни кенгайтириб, ушбу доривор ўсимликдан сирка, шира каби қайта ишланган маҳсулотларни олиш ниятидамиз. Бу кенгайиш ҳисобига 80 та доимий, 200 дан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратишни кўзда тутаяпмиз.

“Давлатимиз раҳбарининг қарори ижросини таъминлайман, ковул плантацияларини кўпайтириб, маҳсулотни қайта ишлаб, миллиардер бўламан, халқимни камбағалликдан олиб чиқаман, республика иқтисодиёти юксалишига ўз ҳиссамни қўшаман”, дегувчи Мирзабек Хидировга ўхшаган тадбиркорлар, афсуски, на фақат вилоятда, балки республикамизда ҳам бармоқ билан санарли?!.

 [gallery-13887]

Жиззах вилояти майдонининг каттагина қисми тоғолди, қир-адир ва даштликлардан иборат, минглаб гектар экин экилмайдиган, суғорилмайдиган ерлар мавжуд. Республикамизда бу кўрсатгич Жиззахдагидан 10 баробар кўпроқни ташкил этади. Шу ерларга ковул экилса, неча юзлаб фуқаролар доимий, неча минглаб юртдошларимиз мавсумий иш билан таъминланади. 

Йилдан йилга сув тақчиллиги ортиб бораётганини, нарх-наво, айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари соат сайин кўтарилиб кетаётганини ҳисобга олсак, юртимизда бўш ётган, суғориб бўлмайдиган минглаб гектар ерларга сув чиқмайди, чиқармоқчи бўлсангиз сувнинг ўзи етишмайди. 

Янги экилган ковул 3 йилда ҳосилга кириб, ҳар гектар майдондан 20 тоннагача ҳосил йиғиштириб олиш имконияти мавжуд. Агар ҳар гектар ковул маҳсулоти экспорт ҳисобида 125 минг АҚШ доллари миқдорида самара бериши мумкинлигини назарда тутсак, бу доривор ва шифобахш ўсимликнинг улкан хазина манбаи эканлигига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ковул ширасининг 1 килограмми жаҳон бозорида 150-200 АҚШ доллари миқдорида нархланишини ҳисобласак, ковулчилик билан шуғулланадиган тадбиркорлар ушбу маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўйса, 5-6 йилда бойиб кетиши ҳеч гап эмас.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), 
ЎзА мухбирлари