English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Котибият фаолияти янада такомиллашади
20:36 / 2022-02-28

Вазирлар Маҳкамасининг “ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Бу, аввало, ЮНЕСКО билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш, Умумжаҳон мерос рўйхатига киритилган объектларни муҳофаза қилишни кучайтириш ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш шарт-шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси КОТИБИЯТИ маданий ва табиий меросни тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда ЮНЕСКО рўйхатига киритиш бўйича ягона мувофиқлаштирувчи ҳисобланади. Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ЮНЕСКОнинг грантлари ва техник кўмаклари ҳамда таълим, фан ва маданият соҳаларига оид лойиҳаларни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ЮНЕСКО йўналиши бўйича халқаро ташаббусларини илгари суриш доирасида вазирлик ва идоралар бажариши мажбурий бўлган топшириқлар ишлаб чиқилишини ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади.

Энди таълим, илм-фан, маданият, оммавий ахборот воситалари ҳамда коммуникациялар соҳасидаги ЮНЕСКО фаолиятига оид барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тадбирлар лойиҳалари, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва киритилиши таклиф қилинган, шу жумладан уларнинг буфер зоналарида жойлашган ҳудудларга тегишли объектларнинг манзилли рўйхатлари, ушбу объект ва ҳудудларнинг қўриқланадиган теграларида археологик тадқиқотлар ўтказиш, реставрация ва консервация ишларини амалга ошириш Котибият билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Шунингдек, ЮНЕСКО конвенциялари талаблари амалга оширилиши ва Миллий комиссия қарорлари ижросининг таъминланиши юзасидан назорат олиб бориш ҳамда ушбу мақсадлар учун эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларини тузиш, миллий комиссия қарорларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таъсир чораларини қўллаш тўғрисида ВМга таклифлар киритиш, объектлар бўйича электрон маълумотлар базаси яратилиши ҳамда унинг юритилиши юзасидан мониторинг олиб бориш, моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар давомида ўтказиладиган давлат назоратида иштирок этиш ҳамда тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш каби масалалар ҳам Котибият вазифаси ҳисобланади.

ЎзА