Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Косонсойлик 9 ёшли қиз халқаро танловда барчани лол қолдирди
12:49 / 2021-01-21

Мамлакатимизда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интилишларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Зукко ўғил-қизларимиз коронавирус пандемияси шароитида ҳам турли кўрик-танлов ва фестивалларда онлайн тарзда қатнашиб бўлса-да, ўз маҳоратларини кўрсатиш асносида Ватанимиз донғини дунёга кенг тараннум этмоқдалар.

Ана шундай истеъдод соҳибаларидан бири Наманган вилояти Косонсой туманидаги 3-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг театр санъати йўналиши ўқувчиси Ферузабону Ҳасанбоева яқинда Россияда ўтказилган “Гениальние дети” (“Донишманд болалар”) халқаро онлайн танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.

Ферузабонуни мазкур нуфузли танловга тайёрлаш ва унда муносиб қатнашиб, муваффақиятга эришишида муаллимаси Зилола Салоҳиддинованинг ҳиссаси катта бўлди. Устози билан биргаликда ижод қилган “Қўғирчоқ рақси”ни танловда тақдим этди. Интилиш ва меҳнат ўз самарасини берди. Онлайн чиқиш ҳакамлар ҳайъати томонидан энг юқори баҳога муносиб кўрилди.

Шуни қайд этиш керакки, 9 ёшли иқтидор эгасининг халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлишида, у туғилиб камолга етаётган оиладаги соғлом маънавий муҳит ва тарбиянинг ўрни катта. Боиси, оила сардори Ҳабибулло Жўраев мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашида раис ўринбосари, қизалоқнинг онаси Замира Салоҳиддинова эса инглиз тили ўқитувчиси. Демак, фарзандларда санъатга иштиёқни юзага келиши ва муваффақиятларга эришишда оиладаги соғлом муҳит ва тўғри йўналтирилган таълим-тарбияни ҳам ижобий таъсири бўлиши шубҳасиз.

– Ойнаи жаҳон орқали Президентимиз раислигида маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишини кўриб, ўзим учун зарур хулосаларни чиқардим, – дейди Ҳабибулло Жўраев. – Давлатимиз раҳбари бугун болаларимизни ота-она, боғча, мактаб ёки институт эмас, аксарият ҳолларда қўлидаги телефон “тарбиялаётгани”ни куюнчаклик билан таъкидладилар. Бу фикрлар бежизга айтилгани йўқ. Чунки, биз ота-оналар фарзандларимизга ҳар куни ҳар соатда, ҳар дамда эътиборли бўлиб, қандай таълим олаётганига, бўш вақтида нималар билан банд бўлаётганига жиддий қизиқишимиз, ўз тарбия услубини тўғри қўллай олмоғимиз шарт. Ўстираётган уч нафар қизимни камолида айни шу устувор жиҳатларга жиддий аҳамият қаратяпмиз. Ўртанча қизим Ферузабонудан ҳам умидим катта. Келажакда миллий санъатимизда ўз ўрнини топиши, маданиятимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшишини истайман.

Оқилхон Дадабоев,  ЎзА