Наманган вилояти Косонсой туманининг Маҳдуми Аъзам маҳалласида жойлашган спорт мактабида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари иштирок этди.
Кўтаринки руҳда ташкил қилинган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёш авлод камолотига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар, беқиёс имкониятлар Президентимиз ташаббуси билан юритилаётган изчил давлат сиёсатида ўз аксини топаётганлигини таъкидлади.
[gallery-27755]
Фестиваль доирасида ўтказилган бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси”, расмлар танлови, китоблар ярмаркаси, концерт дастури, ҳарбийлар чиқиши, ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ногиронлиги бор шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси, “Заковат” интеллектуал ўйини, шахмат, футбол, волейбол, бокс, кураш, стол тенниси, армрестлинг, камондан ўқ отиш, миллий халқ ўйинлари ва “Ош чемпионати” танлови иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Айнииқса, гала концертда таниқли эстрада хонандалари ва сўз усталари ижросидаги байрам томошалари йиғилганларга аъло кайфият улашди.
Фестиваль давомида барча мусобақа ва танловларнинг ғолиб-совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА