ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Косонсой туманида кенг кўламли ободонлаштириш ва реконструкция ишлари доирасида навбатдаги муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида “Косонсой сойи” қирғоқлари 6 километр масофада (гидроузелдан Чорбоғ маҳалласи ўрта кўпригигача) мустаҳкамланиб, бетонлаштирилади. Шунингдек, пиёдалар ва саломатлик йўлаклари, яшил ҳудудлар ва велотрассалар барпо этилиши, сой ўзанини каскадлаштириш ва аҳоли учун хавфсиз экойўлак яратиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов лойиҳа тақдимоти билан танишиб, бунёдкорлик ишларининг туман инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлар ва аҳоли учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишдаги аҳамиятига эътибор қаратди. Масъулларга қурилиш ишларини тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари ва стандартларга қатъий риоя қилган ҳолда олиб бориш бўйича кўрсатмалар берди.
[gallery-27364]
Шунингдек, вилоят раҳбари ишчи гуруҳи Косонсой тумани тарихи музейида бўлиб, маънавий-маърифий масканни замонавий талаблар асосида таъмирлаш, ахборот технологияларини жорий этиш орқали ташриф буюрувчилар учун янада қулай муҳит яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўрганишлар давомида Шавкат Абдураззоқов “Косонсой сойи”нинг табиий ҳолатини сақлаб қолган ҳолда яшил ҳудудларни кенгайтириш, кўкаламзорлаштириш ва замонавий пиёдалар ҳамда велойўлаклар барпо этиш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулай, хавфсиз ва жозибали дам олиш шарт-шароитлари яратиш муҳимлигини қайд этди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА