Косонда 120 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга тегирмон ишга тушди
Қашқадарё вилояти Косон туманида “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибидаги “Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш” масъулияти чекланган жамиятида жорий йилги инвестиция дастурига асосан кунига замонавий тегирмон цехи ишга туширилди.
Қашқадарё вилояти Косон туманида “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибидаги “Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш” масъулияти чекланган жамиятида жорий йилги инвестиция дастурига асосан кунига замонавий тегирмон цехи ишга туширилди.
Тегирмоннинг ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси мутахассислари, соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2019 йилги Инвестиция дастури доирасида “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизим корхоналари томонидан умумий қиймати 16,4 миллион долларга тенг бўлган 12 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Бу лойиҳаларнинг барчаси ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилган бўлиб, асосий мақсад ресурс тежамкорлигига эришиш, маҳсулот сифатини оширишга қаратилган.
– Дастурга асосан, “Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш” масъулияти чекланган жамиятида ҳам суткасига 120 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга замонавий тегирмон цехи қурилиши ҳам кўзда тутилган бўлиб, ушбу тегирмон мавжуд 60 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга тегирмон цехи ўрнига қурилиб ишга туширилди, – дейди “Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўлмас Равшанов. – Лойиҳани амалга оширишда Туркия давлатида ишлаб чиқарилган соҳада илғор ва замонавий технологиялар ўрнатилди. Ушбу тегирмон линияси ёрдамида суткасига 90 тонна 1-навли ун маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши сифатли ун маҳсулотларини етказиб бериш имкониятини оширибгина қолмай, балки қўшимча иш ўринлари яратилишига ҳам замин бўлди. Замонавий тегирмон ўрнатилиши эвазига корхонамизда электр-энергия тежамкорлиги 20-25 фоизни ташкил этмоқда. Бундан ташқари маҳсулот сифати ошиб, ишчи ходимларимизнинг меҳнат шароитлари яхшиланди, саноат хавфсизлиги таъминланди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш” масъулияти чекланган жамияти таркибида “Муборак дон”, “Ғузор ун”, “Юксак Қашқадарё” масъулияти чекланган жамиятлари филиаллари ва “Гулбоғ” дон қабул қилиш шохобчалари кириб, бугунги кунда юқори сифатли ун навлари, ёрма, омихта ем, шунингдек, қолипли нон, макарон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва вилоят аҳолисини нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлашни ташкил этишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Корхонада буғдойни қайта ишлаш қуввати суткасига жами 240 тоннага тенг 2 та тегирмон, жами қуввати суткасига 40 тоннага тенг 2 та омихта ем ишлаб чиқариш цехи, 18 тонна сиғимга эга 1 та элеватор, 2 та нон ва 1 та макарон, 1 та уруғлик цехлари мавжуд. Шунингдек, корхона Косон, Муборак ва Ғузор туманларида етиштирилган ғалла қабул қилиш ва сақлаш учун жами 76 минг тонна сиғимли айвон ва омборлар мавжуд.

Жамиятда 254 нафар ишчи-ходим самарали фаолият юритиб келмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш, сифатли ишлаши ва дам олишлари учун қулай иш шароитини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.