Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Косметология «ўйин»лари: миллионларга чув тушаётган аёллар
18:37 / 2022-08-05

Кузатувларга кўра, ҳозирда 3-6 ойлик курсларни тугатиб, косметологияда фаолият юритаётганлар кўп. Курс сертификати билан иш олиб бораётганларга юзланганимизда, улар соҳада кадрлар етишмовчилиги борлиги, курслар ҳар жиҳатдан фойдали эканлигини айтишди.

Бироқ, уларнинг фаолияти назоратдами, мабодо, сифатсиз хизмат кўрсатишса, ким жавоб беради? Ахир биргина нотўғри муолажа юзда бир умрлик нуқсонни қолдириши мумкин. Аслида косметолог бўлиш учун тиббиёт олийгоҳларида дерматология йўналишида таҳсил олиши керак эмасми?

Бир сўз билан айтганда, инсон юзида амалиётлар ўтказиш чуқур илм талаб қилади. Аммо, бугун соҳада тўлиқ малакали мутахассислар ишламаётгани, хизмат кўрсатишда муаммоларни туғдирмоқда.

МУРОЖААТЛАР ИЗИДАН

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ходимлари айрим косметологларнинг турли «ўйин»ларга ойдинлик киритди. Федерациясига келиб тушаётган мурожаатларда кўпчилик мижозлар бу борада чув тушаётганини билдирган.

Масалан, Гулчеҳра Ҳамидова “Asthetik lab” клиникаси билан 6 500 000 сўмга шартнома тузган. Бироқ, кейин муолажалардан фойдаланишни истамай, шартномани бекор қиламан, деганида 2 000 000 сўмини қайтариб ололмаган.

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида яшовчи Айна Сугирёва эса худди шу клиника ходимлари ундан алдов йўли орқали 1 000 000 сўм олганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Бундай аризалар сони талайгина. Федерация мурожаатчилар муаммосини ўрганиб, алданган аёлларнинг пулини қайтарилишида ҳуқуқий ёрдам берди.

Маълум бўлишича, клиника ходимлари аёлларга қўнғироқ қилиб, клиникага таклиф қилган ва юзларида баъзи муолажаларни амалга оширган.

Шундан сўнг, шартнома тузишга ундашган. Аёллар ёнида катта миқдордаги пул маблағи йўқлигини айтишса-да, уйларига бориб келиш учун хизмат кўрсатувчи машина беришларини ҳам таклиф этишади.

Хуллас, қандай қилиб бўлмасин, мижоз билан шартнома тузишга ҳаракат қилади. Албатта, бу бизнес дейишингиз мумкин, бироқ содда мижозлар уларнинг гапларига ишониб, кейинчалик қийин аҳволга тушиб қолишаётгани ачинарли.

Клиника энг камида 5 - 6 млн. сўмлик шартнома тузишни тавсия этади, шунингдек, «совға-ваучер» ютган мижозга хизмат кўрсатиш лозим бўлади, бошқа хизматлардан фойдаланиш эса мижознинг хоҳиши.

Федерация хотин-қизларимиз йўлиқаётган бу каби муаммоларнинг кун сайин ортаётганини инобатга олиб, клиникалар билан шартнома тузаётганда аёлларни эҳтиёткор бўлишга чақиради. Шунингдек, бизнингча, косметологларни ҳам қонуний жиҳатдан назорат қилиш лозим. Боиси улар ҳам тиббиёт ходимлари сингари инсонлар соғлиги ва ҳаёти билан боғлиқ жараёнларни амалга оширади.

Гулноза Шарафова, Ўзбекистон истеъмолчилар 

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ходими