Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Косиб йигитнинг «инжиқ» мижозлари ким ёхуд уни чўчитган 10 миллионлик пойафзал... (+ видео)
17:18 / 2022-01-14

Атрофимизда шундай одамлар бор-ки, уларнинг ёрдамисиз ишимиз битмайди, муаммоимиз ҳал бўлмайди. Биз уларнинг меҳнатидан фойдаланамиз, оғиримизни енгил қилганидан хурсанд бўламизу, кўп ҳам яшаш тарзига қизиқавермаймиз.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи Асадбек Давронов ҳам ана шундай сўзи ҳам, яшаш тарзи ҳам оддий йигитлардан. Унга маҳалладошлари оддий, аммо қўли гул йигит, деб баҳо беришади.

Ҳозирги пайтда у пойтахтимиздаги «Қўйлиқ деҳқон бозори»да пойафзал таъмирловчи уста бўлиб хизмат кўрсатади. 22 ёшида ҳунар ортидан уч-тўрт сўм маблағ топиб, оиласини боқаётган, бироз тортинчоқ, аммо фикрлари теран Асадбек билан суҳбатлашдик.

— Косибчилик йигит киши учун яхшигина ҳунар. Бу ишни бошлаганингизда нималарни мақсад қилгансиз?

— Амакиларимнинг барчаси шу касб орқасидан рўзғор тебратишади. Мен ҳам ёшлигимда амакимнинг фарзандлари билан ўйнашга борардим. Ҳар доим амаким иш билан банд бўларди. Бир куни ойимнинг шиппаги узилиб қолди. «Бор, ўғлим, амакингга олиб бориб, тиктириб кел», деди.

Келсам, амаким, шу ишни бажариш сениям қўлингдан келади, деб бигиз билан ипни тутқазди. Бир амаллаб, қинғир-қийшиқ қилиб, ойимнинг шиппагини тикиб бердим. «Ойим мени боламдан ҳам косиб чиқаркан», деб роса мени қариндошларга мақтади. Секин-аста қўшниларнинг оёқ кийимларини тикиб бера бошладим. Шу зайлда амакимга шогирд тушиб, бу ҳунарни мукаммал эгалладим.

— Шогирдларингиз ҳам борми?

— Амакимдан дуо олиб, ўзим мустақил иш бошлаганимга беш йил бўлди. Албатта шогирдларим ҳам кўп, аммо уларнинг баъзилари озгина бошлаб, ярмида қочиб қолади. Бу касбниям ўзига яраша машаққатлари бор.

— Яъни қандай қийинчиликлар?

— Агар ҳушёр бўлмасангиз, бармоқларингизни бигиз тешиб, қайчи қирқиб олиши мумкин. Кейин анча пайтгача ишламай, бекор юришга тўғри келади. Яна уста учун энг муҳими сабр. Кўпчилик ёшларда бу туйғу етишмайди. Одамлар билан ишлашда муомала маданияти ҳам керак. Айрим одамлар меҳнатимга яраша ҳақ тўлаб, раҳмат айтиб кетса, ишимдан айб топиб, жанжал кўтариб, камроқ пул беришга интиладиганлари ҳам бор. Шундай пайтларда уста ўзини оғир-вазмин тутиши керак. Қизиққонлик қилсангиз, кейинги сафар ўша мижоз ёнингизга қайтиб келмайди.

— Мижозларингиз кўпроқ кимлар?

— Аёллар, чунки аёллар эркакларга қараганда, тез ва жуда кўп юради. Шу боис уларнинг пойафзаллари тез таъмирталаб бўлиб қолади. Айнан пошналарини кўпроқ таъмирлайман. Аёлларни пойафзалининг ичидаги темир кўпроқ синиб кетади. Ўшани янгилаб беришимиз керак. Янгиламасангиз, оёқ ерга босилганида синиб кетади, юролмай қолиши мумкин. Энг инжиқ мижозларим ҳам аёллар. Эркаклар раҳмат деб кетаверади.

— Қимматбаҳо пойафзаллар ҳам олиб келишадими?

— Қиш фасли бошланишидан олдин бир аёл ўн миллионлик этигини таъмирлашга ташлаб кетди. Нархини эшитиб, таъмирлашга ҳам чўчиб қолдим. Тайёр бўлгач, олиб кетинг, деб қўнғироқ қилсам, ҳадеганда келавермади. Йўқотиб қўймай деб, жуда хижолат бўлдим. Чунки йўқотиб қўйсам, тўлашимга тўғри келади. Олиб кетгач, елкамдан тоғ ағдарилгандек ҳис қилдим ўзимни.

— Пойафзалларга қараб, одамларнинг характерини билиб олиш мумкинми?

— Албатта, пойафзалини пала-партиш киядиган одамлар бор. Баъзи бирлари лойи билан олиб келаверади. Илгари косибга келган одамлар пойафзалини уйда тозалаб, кейин олиб келишарди. Ҳозир баъзилар жуда эринчоқ бўлиб қоляпти.

— Даромадингиз қанақа?

— Кунига 200-300 минг сўм даромадим бор. Ҳунарли инсон ҳеч қачон кам бўлмайди.

— Уста учун энг муҳим нарса нима?

— Меҳр ва сифат.

<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/YrcV2zw4v8U" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

Нигора Раҳмонова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА