Самарқанд вилоятида жойлашган “Golden Cake” МЧЖ фаолияти билан танишиш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи Азамат Абдураҳмонов ушбу корхонада амалий ташриф билан бўлди.
Ташриф давомида корхонада техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология йўналишларида амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, соҳада мавжуд муаммолар ва корхона томонидан илгари сурилган таклифлар муҳокама қилинди.
Ўрганишлар жараёнида “Golden Cake” МЧЖда ишлаб чиқарилаётган бўялган мато маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, корхонада OEKO-TEX, Sedex, BSCI ва ISO 9001 каби халқаро сертификатларни жорий этиш орқали маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, мутахассислар томонидан корхонага амалий ёрдам кўрсатилиб, ишлаб чиқариш жараёнидаги мавжуд муаммолар аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Ташриф давомида ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий лабораториялар имкониятлари, маҳсулот сифати назорати ва ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, корхона масъул ходимларига техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари, ҳукумат қарорлари ҳамда техник регламентлар талаблари юзасидан тушунчалар берилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур янгиликлар корхоналарнинг халқаро стандартларга мувофиқ фаолият юритишига, шунингдек экспорт географиясини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА