ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида ўз бизнесини йўлга қўйиб, нафақат оиласи, балки маҳалласи ва эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳиссасини қўшаётган тадбиркорлар сафи тобора ортмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги «Gold sendvich» масъулияти чекланган жамиятининг ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Асосан пенопласт қурилиш маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада жами беш нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган. Сўнгги пайтларда саноат ва ишлаб чиқаришга мослашган объектларда, шунингдек, аҳоли орасида пенопласт маҳсулотига бўлган талабнинг ортиб бораётгани корхона фаолияти ривожига ҳам таъсир ўтказмоқда.
[gallery-24487]
– Ушбу қурилиш маҳсулоти билан уйнинг ташқи қисми қопланса, қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади, - дейди корхона ишчиси Ислом Бойниёзов. – Бундан ташқари, пенопласт маҳсулоти замонавий эшикларни ишлаб чиқаришда ҳам кенг фойдаланиляпти. Шу сабабли маҳсулотларимизга буюртмалар жуда кўпайган.
Корхонага асосий хомашё хориждан келтирилиб, шу ерда махсус ускуналар ёрдамида тайёр маҳсулот ҳолатига келтирилади. Ҳозирги кунда тайёр маҳсулотлар ички бозорга чиқарилаётган бўлса, келгусида иш ҳажмини кенгайтириш орқали ташқи бозорга ҳам экспорт қилиш режалаштирилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА