Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхоналарнинг имкониятлари ўрганилди
16:05 / 2024-12-23

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, моддий манфаатдорликни оширишга эътибор кучайтирилмоқда.

Жумладан, “Alfa izvest” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хусусий корхона пардозбоп плиткалар ва мозаика тошлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори”га асосан ташкил этилган. Унинг лойиҳа қиймати 20 миллиард сўм бўлиб, шундан, 13 миллиард сўми ташаббускор тадбиркорнинг ўз маблағи, қолган қисми тижорат банки молиявий кўмаги ҳисобланади.  

Алишер Мирзаев раҳбарлигидаги мазкур корхонада 20 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилмоқда. Жамият томонидан Хитойдан тош кесиш асбоб-ускуналари келтирилган бўлиб, йиллик қуввати 32 минг метр квадратга тенг пардозбоп тош маҳсулоти тайёрланмоқда.  

Вилоятнинг жанубий тумани Қоровулбозор далаларида етиштирилган буғдой ўзининг сифати билан ажралиб туради. Ишнинг кўзини билган тадбиркорлар эса серқуёш заминимизда етиштирилган буғдойни қайта ишлаб, халқимизга сифатли ун маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйишган.  

Шундай корхоналардан бири “Nodir Imom Z” оилавий корхонасидир. Лойиҳа қиймати 600 минг доллар бўлган мазкур корхона кунига 30 тонна атрофидаги юқори сифатли ун ва 15 тонна кепак маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда корхонада 10 га яқин ишчи-мутахассис ишлаётган бўлса, буғдой ҳосилини саранжомлаш мавсумида иш ҳажми ортиши боис яна қўшимча ишчи кучи жалб қилинади.  

Мазкур корхоналар ишлаб чиқариш имкониятлари, моддий-техник базаси билан яқиндан танишган туман ҳокими Ўткир Ҳамроев бошлиқ масъуллар, аввало, уларда барқарор иш муҳитини яратиш, хомашё таъминотидаги узилишларга йўл қўймаслик, ҳудудни ободонлаштиришга доир тавсияларни берди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.