Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхоналар томонидан электр энергияси ноқонуний ишлатилган
12:30 / 2023-08-16

Айни кунларда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда электр таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Жорий йилнинг 15 август куни ташкил этилган ана шундай тезкор тадбирлар Тошкент вилоятида давом эттирилди. Унда аниқланишича, Қуйи Чирчиқ туманидаги “Сергели” МФЙда жойлашган “Sanfa Engineering Co LTD” МЧЖ электр тармоғига ноқонуний уланган. Бу ҳолат эса давлат манфаатларига 226 миллион 366 минг 296 сўм (335 минг 357 кВт соат) миқдорида зиён етказди.  

Шунингдек, мазкур ҳудуддаги яна бир корхона – “LYXKS Transport” МЧЖ электр тармоғига ноқонуний равишда уланган. Натижада давлат манфаатларига 24 миллион 836 минг 760 сўм (55 минг 192 кВт соат) миқдорида зарар келтирган.    

Тезкор тадбир масъуллари Тошкент туманида ҳам бўлиб, у ерда яна бир қонунбузарлик ҳолатига йўл қўйилганига дуч келди. Хусусан, туманнинг “Кенсой” МФЙда жойлашган “Олтин Шоҳ Глобал” МЧЖ электр тармоғига ноқонуний равишда улангани туфайли давлат манфаатларига 88 миллион 695 минг сўм (197 минг 100 кВт соат) миқдорида зарар етказилган.  

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур учта ҳолатда давлат манфаатларига жами 339 миллион 531 минг 760 сўм (587 минг 649 кВт соат) зарар етказилган. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси 2 минг 938 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолидир.  

Айни чоғда аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрнатилган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.  

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА