Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан Нукус шаҳрида радиатор ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона “Osten Technologies” масъулияти чекланган жамияти фаолияти яқиндан ўрганилди.
Корхона Италия, Туркия ва Хитой давлатларидан келтирилган замонавий технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, маҳаллий бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш имкониятини беради. Мазкур корхона йилига 900 минг дона радиатор ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 300 та янги иш ўрни яратишга мўлжалланган.

Шу билан бирга, божхона ходимлари Кегейли туманида жойлашган қўшма корхонада ҳам бўлишди. Ушбу корхона ноёб ўсимликлар сирасига кирувчи қизилмия илдизидан тиббиёт ва косметологияда кенг фойдаланиладиган қизилмия экстрактини ишлаб чиқариб келмоқда. Бугунги кунда ушбу корхона 200 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаган бўлиб, айни кунда Корея, Тайван, Франция, Хитой каби давлатларга 6 миллион 638 минг АҚШ доллари қийматидаги 2631 тонна бойчечак экстракти маҳсулотини экспорт қилишга муваффақ бўлган.
Учрашув давомида корхона вакилларига янги қулайлик сифатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 сентябрдаги “Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашни янада соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тартиб тамойиллари, "Божхона ҳудудида қайта ишлаш" афзалликлари ҳамда четдан олиб келинган бутловчи қисмлар ва хомашёларни божхона тўловисиз олиб киришларига имконият яратилганлиги, ушбу товарларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқариш, ёки экспорт ҳажмини ошириш мумкинлиги ҳақида тарғибот ишлари олиб борилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири