Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхонада харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда
12:32 / 2024-08-23

Акрил ип-калава маҳсулотлари текстиль саноатида кенг кўлланилади. Зарафшон шаҳрида фаолият олиб бораётган “AREL KONFEKSIYON” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, айни вақтда мамлакатимиздаги акрил толали тўқимачилик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган етакчи фабрикалардан ҳисобланади.

Корхонанинг ойлик ип ишлаб чиқариш қуввати 90 тоннага тенг. Бу ерда асосан акрил толали ип-калава маҳсулотлари ҳамда тўқимачиликда ишлатиладиган хомашёлар ишлаб чиқарилади. Айни пайтда фабрикада меҳнат қилаётган 300 нафарга яқин ишчи-ходимнинг 200 нафардан ортиғини аёллар ташкил этади. 

Корхонада Туркия ва Беларусдан олиб келинган акрил ипдан калава-тўқима ип ишлаб чиқарилади. Ипни бўёқлашдан йигирувгача бўлган жараён тўлиқ фабриканинг ўзида амалга оширилади. 

– Акрил толали маҳсулотлар билан ишлашнинг ўзига яраша машаққати бор, – дейди корхона масъул ходими Умида Сайфиева. – Бугунги кунда акрил толали иплар бизда ва Бухоро вилоятида ишлаб чиқарилади, холос. Калава ипларимиз тайёр ҳолга келгунича тароқлаш, пресслаш, шаклга келтириш, бўёқлаш каби 12 босқичдан ўтади. Маҳсулотларимиз юртимиздаги тўқимачилик билан шуғулланадиган фабрика, корхона ва цехларга етказиб берилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган ипларнинг 30 фоизи фабриканинг ўзида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ажратилади. Ҳозир ипдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам йўлга қўйилган бўлиб, 40 тага яқин, бир кунда 550 та тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар ички бозорга, қайта ишловчи корхоналарга буюртма асосида етказиб берилади. Шу билан бирга, Россия, Туркия, Тожикистон, Туркманистон давлатларига экспорт қилинмоқда. 

Корхонада, шунингдек, тўқиш ишлари ҳам амалга оширилади. Аёллар учун кофта, кўйлак, пальто, нимча каби кузги ва қишки кийимларни тўқиш ва тикиш ишлари бошланган. Экспортбоп, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришда иш унумини оширадиган ускуналарнинг аҳамияти катта. Бунинг учун фабрикада зарур замонавий технологиялар Германиядан келтирилган бўлиб, “Stoll” тўқима ускуналари ипдан тайёр маҳсулот чиқариш жараёнидаги энг қулай технология ҳисобланади. Бундан ташқари, “Ramiyoz” русумли тикув машиналари кийимларнинг ёқа қисмини тикиш ипини билдирмай улашда қўлланилади. 

Хомашёлар дастлаб фабриканинг ўзидаги жараёнлар учун ишлаб чиқарилган бўлса, кейинчалик ишлаб чиқариш кенгайиб, маҳсулотлар сотувга ҳам чиқарила бошланди. Ҳозир эса бундай маҳсулотлар Россия, Қозоғистон ва Беларусь давлатларига экспорт қилиниб, корхона иқтисоди ортишига хизмат қилмоқда. 

Айни пайтда тўқима учун ишлаб чиқарилган барча акрил ипларга нисбатан айнан ўша рангларга бўялган тикиш иплари ҳам фабриканинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. Даромад манбаи сифатида тикув иплари сотуви ҳам йўлга қўйилган. 

Бугун корхона маҳсулотлари ички ва ташқи бозорда харидоргир. Энг муҳими, корхонада маҳаллий ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминланиб, аҳоли фаровонлигининг ошиши учун хизмат қилмоқда.

А.Бўриев, 

ЎзА мухбири