Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхона йилига 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилади
13:12 / 2024-08-25

Бухоро вилояти Когон туманининг “Беклар” аҳоли пунктида “Liya Tekstile” хорижий корхонаси иш бошлади. Бу корхона нафақат вилоят енгил саноати ривожига ҳисса қўшадиган, балки янги иш ўринлари орқали аҳоли хонадонларига даромад олиб кирадиган йирик субъектга айланди.

Бундан икки йил аввал туркиялик ишбилармон Кескин Меҳмед Ширин “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасининг Когон тумани ҳудудида трикотаж матони тўқиш ва бўяш лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси билан чиққанди. Ўтган давр мобайнида корхонани ташкил этиш бўйича таъсисчи томонидан 6,4 миллион АҚШ долларга тенг бўлган инвестиция жалб қилинди. Бир пайтлар шўрхок ерлардан иборат ҳудудда кўркам иншоот қад ростлади. Туркия ва Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Шу тариқа йирик саноат ишлаб чиқариш корхонасига асос солинди.

[gallery-18908]

Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга берилаётган эътибор туфайли йирик ишлаб чиқариш мажмуалари шаклланаётганини алоҳида таъкидлади. Бу ўз навбатида аҳоли бандлиги ва даромадларини янада оширишда муҳим омил бўлаётир.

Корхона йилига 2400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. 100 дан ортиқ фуқарони иш билан таъминлайди. Бундан ташқари, корхона томонидан йилига 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни Европа ва қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

– Ўтган йил давомида қурилишимизнинг пойдеворини қўйдик ва ишларимизни бошладик, –дейди Кескин Меҳмед Ширин. –2024 йилнинг 1-ойидан бошлаб машиналаримизни олиб келиб, ўрнатишга киришдик. 7-ойда машиналаримизни тўлиқ ўрнатиб, ишлаб чиқаришни бошладик. Жами 15 минг квадрат метр майдонни қисқа вақт ичида қуриб, тугатдик ва буни ҳеч қандай ёрдам олмай, ўз имкониятларимиз билан амалга оширдик. Шунингдек, биринчи экспортимизни ҳам амалга оширдик. Иншааллоҳ, экспортимиз бундан кейин давом этади. Бизга  бу имкониятни тақдим этган Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорчилик билдираман.

–Бу ерлар илгари жуда ҳам бир хароба эди, –дейди Когон тумани “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Рамазон Фармонов. –Шундай бир чўлланиб ётган жойлар бугун давлат раҳбарининг ташаббуси билан обод бўлди. Катта бир иншоот қад кўтарди. Натижада ишсизман деб юрганларнинг бандлиги таъминланди. Бу янги Ўзбекистоннинг – имкониятлари, десам муболаға бўлмайди. Чет элда меҳнат қилиб юрганлар ҳам ўз юртида, оиласи бағрида, Ватанида ишлик бўлди. Бундан аҳоли, фуқароларимиз мамнун.  

Рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар корхонада яратилган шарт-шароитлар, ишлаб чиқариш қувватларининг имкониятлари билан яқиндан танишди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/mnqs95Y5zyA?si=qm4ccZEDosHR0T51" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари