Фуқаролик ишлари бўйича Сурхонрдарё вилояти Термиз туманлараро судининг ижро варақасига асосан Термиз шаҳридаги “Термиз Акбар барака” ҳусусий корхонаси ва “Термиз агро-хизматчи” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан жами 1 миллиард 56 миллион 961 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Термиз шаҳар бўлими Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонунининг тегишли моддаларига асосан мажбурий ижро ҳаракатларига киришиб, қарздорларга ихтиёрий муддат белгилаб берди. Қарздорлар ижро ҳужжати талабларини ушбу муддатда бажармагани учун уларга тегишли омборхона ва хўжалик биноси ҳамда савдо дўконлари давлат ижрочиси томонидан хатловга олинди.
– Шундан сўнг мазкур мулклар мутахассис ёрдамида баҳоланиб, онлайн аукцион савдоларига чиқарилди,¬ – дейди Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими давлат ижрочиси Дадахон Назаров.¬ – “E-IJRO AUKSION” ягона электрон онлайн-аукцион савдосида омборхона ва хўжалик биноси 612 миллион сўмга сотилди. Қарздорга тегишли 750 миллион сўмга баҳоланган савдо дўконига аукцион савдоларида харидор топилмагани учун кредит қарздорлигини қоплаш мақсадида ундирувчи банкга таклиф этилиб, белгиланган тартибда банк балансига ўтказиб берилди.
Бюронинг Термиз шаҳар бўлими қарздорларга нисбатан қўлланилган барча чеклов чораларини бекор қилиб, ортиқча пул маблағларини тадбиркорларга қайтаргач, ижро ҳужжати тугатилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА