Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди
12:19 / 2025-10-23

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхона санитария ва гигиена талабларига риоя этмагани учун иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси маълум қилди.

Назорат тадбири давомида ишлаб чиқариш цехида қатор қоидабузарликлар аниқланди. Жумладан, цехдаги пол қопламалари талабга жавоб бермаслиги, айрим жойларда намлик ва сув тўпланиши, сут сақлаш учун мўлжалланган идиш ва чўмичлар етарлича дезинфекция қилинмагани қайд этилди. Шунингдек, ишчи ходимлар учун мўлжалланган қўл ювиш, кийим алмаштириш ва душ хоналари етарли даражада жиҳозланмагани аниқланган.

Мазкур камчиликлар бўйича корхона раҳбариятига тушунтириш берилди. Санитария талаблари тўлиқ таъминлангунга қадар ишлаб чиқариш жараёнлари вақтинча тўхтатилди. Махсус комиссия хулосасига кўра, барча камчиликлар бартараф этилгандан сўнг корхона фаолияти қайта йўлга қўйилиши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу талаблар бузилганида турли бактериялар ва инфекциялар тарқалиши, юқумли ичак ва паразитар касалликлар келиб чиқиши эҳтимоли юқори бўлади.

СанЭпид қўмитаси аҳолини сут маҳсулотларини харид қилишда ишлаб чиқарувчи ва савдо нуқталарида санитария ҳолатига эътиборли бўлишга, маҳсулотнинг яроқлилик муддати ва сақлаш шароитига аҳамият беришга чақирмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА