Сирдарё вилоятида ҳаво сифатини яхшилаш ва чанг миқдорини камайтириш бўйича амалий ишлар изчил олиб борилмоқда. Вилоят Экология бошқармаси, ДХХ, прокуратура, миллий гвардия ва ички ишлар органлари томонидан идоралараро ҳамкорликда тунги назорат ва рейдлар мунтазам ўтказилиши натижасида бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмоқда.
Шу жумладан, Гулистон тумани ҳудудида жойлашган “О.Ф” МЧЖ корхонаси фаолияти текширилди. Ушбу назорат вақтида корхона томонидан пишган ғишт ишлаб чиқариш учун Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмасдан, шунингдек, чанг ва газ тозалаш ускуналари ўрнатилмаган ҳолда фаолият кўрсатилиши аниқланди.


Ишчи гуруҳ корхона фаолиятини дарҳол тўхтатди. Ҳозирда табиатга етказилган зарар ҳисобланмоқда ва текшириш натижалари асосида қонунчиликка мувофиқ чоралар қўлланиши режалаштирилмоқда.


Экологик назоратчиларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар нафақат атроф-муҳитга, балки аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, барча корхоналар табиатга зарар етказмаслик ва экологик талабларга қатъий риоя қилишлари зарурлиги қайд этилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири