Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Сардоба Universal Cluster” масъулияти чекланган жамияти нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, балки саноат соҳасида ҳам фаолият юритувчи йирик ишлаб чиқариш мажмуаси сифатида ўз ўрнига эга.
– Ишлаб чиқариш йўналишларимиз анча кенг, – дейди жамият раҳбари Қаҳрамон Эргашев. – Пахта ва буғдой етиштиришдан ташқари, табиий сут ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, кундалик истеъмол учун нон ва қандолат маҳсулотлари, фильтрланган газсиз минерал сув, капсула ва қопқоқлар, қурилиш ишлари учун мустаҳкам қўлқоплар, ёзги оёқ кийимлар ҳамда турли соҳаларда фойдаланиладиган эластик резина буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.


Корхонада барча технологик жараёнлар замонавий стандартлар асосида рақамлаштирилган, сифат назоратига алоҳида эътибор қаратилади. Маҳсулотлар бозор эҳтиёжига қараб ишлаб чиқарилади, логистика тизими самарали ташкил этилган.


“Сардоба Universal Cluster” фаолияти нафақат иқтисодий ўсиш, балки ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилмоқда. Маҳаллий ёшлар ва мутахассислар учун яратилаётган иш ўринлари аҳоли бандлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири