Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхона даромадлари тобора ошмоқда
16:34 / 2025-09-11

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги давлат сиёсати маҳаллий даражада ҳам ўз самарасини бериб, қишлоқ ва шаҳар аҳолиси учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Мустақиллик маҳалласида фаолият юритаётган “Олтин Девор Ёғдуси” масъулияти чекланган жамияти бунга ёрқин мисол. 150 миллион сўмлик инвестиция асосида йўлга қўйилган ушбу оилавий бизнес аъзолари қисқа вақт ичида барқарор ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди ва 6 нафар ишсиз ёшга доимий иш ўрни яратиб беришди.

Корхона ташқи деворлар учун бетон қопламалар тайёрлашга ихтисослашган. Маҳсулотларнинг мустаҳкамлиги ва қулайлиги сабабли бозорда тезда талабга кириб, ўз ўрнини топди. Ҳозирда корхона ойига ўртача 30–40 миллион сўмлик даромад кўрмоқда.

– Фаолиятимизнинг бошланишида қийинчиликлар бўлди. Аммо тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ўз ишимизга бўлган ишонч туфайли ишлаб чиқаришни кенгайтиришга эришдик. Энди эса ёшларга иш беряпмиз, маҳсулотимизга эса бозорда талаб кун сайин ортиб бормоқда, – дейди корхона раҳбари Мафтуна Мирзиёева.

Яқинда туман ҳокимлигининг биринчи ўринбосари Адҳам Юнусханов иштирокида журналистлар учун махсус пресс-тур ташкил этилди. ОАВ вакиллари иш жараёнлари билан яқиндан танишишди, ишчилар ҳамда раҳбар билан мулоқот қилишди. Ушбу очиқлик ва самимий муҳит маҳалладаги иқтисодий юксалишнинг қай даражада амалий самара бераётганини яққол кўрсатди.

Мутасаддилар таъкидлашича, бундай ташаббуслар нафақат оилавий бизнеснинг барқарор фаолиятига, балки маҳаллаларда иқтисодий фаолликнинг ортишига, аҳоли даромад манбалари кенгайишига хизмат қилмоқда. Ҳоким ёрдамчилари ва тижорат банкларининг кўмаги эса кичик корхоналарнинг саноат субъектларига айланиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири