ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод тумани ҳокими Aнвар Тожимирзаев тумандаги кўрсаткичи пасайган корхоналар фаолияти билан танишди. Жараёнда “Mega eco plast” МЧЖ корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёни, мавжуд муаммолар ва истиқболли режалар ўрганилди.
Корхона 1 гектар майдонда жойлашган бўлиб, қадоқлаш учун қопқоқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ташкилотнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллион дона маҳсулотни ташкил этади. Бу пул ифодасида тахминан 5,2 миллиард сўмга тенг. Корхонанинг асосий муаммоси сифатида электр энергиясидаги узилишлар масаласи қайд этилди ҳамда бу борада тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатиш зарурлиги таъкидланди.
[gallery-26345]
Ўрганиш давомида туман раҳбари тикувчиликка ихтисослашган “Dilimir” МЧЖ корхонасида бўлди. Бу ерда бир йилда 125 миллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш имкони мавжуд. Корхонада қўшимча ишчи кучига эҳтиёж борлиги эътиборга олиниб, бу борада амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Кейинги объект – “Ko'k saroy” МЧЖ 1,7 гектар ер майдонида жойлашган бўлиб, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ташкилот бир йилда 150 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда сув таъминоти етишмовчилиги муаммоли масалалардан.
Жараёнда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Soliha brend teks” МЧЖ корхонаси фаолияти ҳам ўрганилди.
Туман ҳокими мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Жумладан, уларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда сотиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда маркетинг тизимини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА