Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида алоқа соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар таҳлилига бағишланган брифинг ўтказилди.
Унда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Аъзамжон Қурбонов қуйидагиларни маълум қилди:
– “First IT Group” контент провайдери томонидан “Al-chiroq” акциясига уланган “Ucell” абонентларига ҳақиқатда пуллик хизматлар кўрсатилмасада, ҳақ ундирилган. Бу ҳақда истеъмолчилар хабардор қилинмаган. Натижада 337 минг 900 абонентдан 97,4 миллион сўм ортиқча маблағ олинган.
Бундан ташқари, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда “Электромагнит мослашув маркази” ДУК ҳамкорлигида жорий йилнинг июнь-июль ойларида республика ҳудудидаги 12 минг 246 та аҳоли яшаш масканида мобиль алоқа қамрови ҳолати таҳлил қилинганда, уларнинг 6,6 фоизида 2G, 56,8 фоизида 3G ва 95,5 фоизида 4G алоқаси мавжуд эмаслиги аниқланган.
Шу билан бирга, 115 аҳоли яшаш масканида бирор-бир мобиль алоқа операторининг алоқа қамрови мавжуд эмаслиги, 533 та етиб бориш қийин бўлган аҳоли яшаш масканидан 313 тасида (ёки 58,7 фоизида) умуман мобиль алоқа қамрови мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Мисол тариқасида, биргина Наманган вилоятида истеъмолчиларнинг алоқа хизматлари билан таъминланганлик даражаси таҳлил қилинганда, 4 та мобиль алоқа компаниясининг 1,7 миллион абоненти мавжудлиги, уларда жами 1 минг 58 та тармоқ алоқа база станцияси ўрнатилганлиги ва бу 1 минг 615 абонентга 1 антенна тўғри келиши аниқланган (1 антенна Қозоғистонда 643 нафар ва Россияда 235 нафар аҳолига хизмат қилади).
Туманларнинг 3G алоқа қамрови 88 фоиз ва 4G қамрови 27 фоизни ташкил қилади. Шундан Чортоқ, Чуст, Янгиқўрғон туманларида 4G тармоғи умуман йўлга қўйилмаган, Поп туманида 1,3 фоиз ва Мингбулоқ туманида 10 фоизни эгаллайди. Тармоқ алоқа станциялари билан таъминланганлиги абонентларга нисбатан энг паст даража мос равишда “Ucell”, “Beeline” ва “Uzmobile” компанияларига тўғри келади.
Ишчи гуруҳ томонидан Чуст туманининг Ғайрат қишлоғида мобиль алоқа ва интернет сифати синов тариқасида текширилганда, UMS компаниясининг мобиль интернети фақатгина 2G тармоғида ишлаши (сифатсизлиги) аниқланган.
Соҳага оид қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида республикада алоқа хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерларга доимий равишда кўрсатма ва тушунтиришлар бериб борилмоқда.
Брифингда Агентлик томонидан соҳадаги ваколатли ташкилотлар ва жамоатчилик назорати субъектлари билан ҳамкорликни янада ривожлантирган ҳолда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланаётгани таъкидланди.
Истеъмолчиларга телекоммуникация хизматларидан фойдаланишда ҳуқуқлари бузилса ҳамда тармоқ компанияларининг етарли даражада сифатли хизмат кўрсатилмаслиги ҳолатлари юзасидан Агентликнинг 1159 қисқа рақамига ёки consumer.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мурожаат қилиши зарурлиги қайд этилди.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА