Коррупция ҳолатларига раҳбарлар шахсан жавобгар бўлади
Сирдарёда ўтказилган “Коррупция – тараққиётга таҳдид” мавзуидаги семинарда вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси, божхона бошқармаси, ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ва ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Сирдарёда ўтказилган “Коррупция – тараққиётга таҳдид” мавзуидаги семинарда вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси, божхона бошқармаси, ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ва ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбирда коррупциянинг тарихи, илдизи, унга қарши қўлланилган жазо турлари, шу билан биргаликда ҳозирги замонда дунё мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилганлиги таъкидланди.
Идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаб ва омилларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланиши қайд этилди.
Фармонга асосан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганлиги юзасидан шахсан жавобгар бўлишларига алоҳида урғу берилди.
– Мазкур фармонда белгилаб қўйилганидек, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилиши бошланган бўлса, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилади, – деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иномжон Қудратов. – Қўшимча равишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати механизмларини самарали қўллашга йўналтирилган “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорлиги тартибини такомиллаштириш, қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролар иштирокининг шаффоф ва самарали усулларини жорий этиш кўзда тутилган.
Тадбирда, шунингдек, вилоят прокуратурасининг коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошқармаси бошлиғи О.Убатов, божхона бошқармаси ички хавфсизлик бўлими бошлиғи Б.Масаитовларнинг мавзуга доир ахборотлари ҳам тингланди.
Иштирокчилар коррупция ва унга қарши курашиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.