Маълумки, Президент танқидидан сўнг, ҳоким ёрдамчилари учун ҳалоллик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус курслар ташкил этилди.
Семинарларда коррупцияга қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олиш механизмлари ва бошқалар таҳлил қилинмоқда.
Хусусан, Жиззах вилояти маҳаллаларида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари учун “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари, давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ва унга қарши курашиш бўйича ижобий хулқни шакллантириш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходимлари Б. Раҳмонов, А.Эргашев, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Умид Абдуллаев, Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов, Агентликнинг Жиззах вилояти худудий бошқармаси бошлиғи С.Мирзакабилов барча туманлардаги маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ходимлари, маҳалалларида ишлаётган барча ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
Қайд этилишича, туман (шаҳар) ҳокимларининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчилари орасида коррупциявий ҳолатларнинг содир этилаётганлиги юзасидан турли эътирозлар юзага келган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 19 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари кредит, субсидия, ер ажратиш масаласида таъмагирлик қилаётгани танқид қилинган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, 2022 йилнинг январь-май ойларида ҳоким ёрдамчилари томонидан 14 та жиноят содир этилган. Мазкур жиноятларнинг асосий қисмини порахўрлик, мансабдорлик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этган.
“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари, давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ва унга қарши курашиш бўйича ижобий хулқни шакллантириш” мавзусида семинар Сирдарё вилояти маҳаллаларида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари учун ҳам ташкил этилди.
Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходимлари Б. Рахмонов, А.Эргашев, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Умид Абдуллаев, вилоят хокимининг биринчи ўринбосари А.Каримов, Агентликнинг Сирдарё вилояти худудий бошқармаси бошлиғи И.Тожибоев ҳамда барча туманлардаги маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ходимлари, маҳаллаларда ишлаётган барча ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.

Семинар машғулотларида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари ҳамда коррупциянинг олдини олишнинг замонавий механизмларини жорий этиш масалалари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, корррупциянинг олдини олиш борасида жорий этилаётган янги механизмлар, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш тизимини жорий этиш, манфаатлар тўқнашувини самарали бошқариш йўналишларида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва улар учун белгиланган жавобгарлик масалалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган коррупциявий ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинмоқда. Бу борада ҳоким ёрдамчилари фаолиятида коррупциявий омилларни вужудга келиш сабаблари ҳамда шарт-шароитлари, уларни бартараф этиш усулларига алоҳида урғу берилмоқда.
Семинарлар жорий йилнинг 1 июль санасига қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтади. Семинарлар якуни бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятида йўл қўйилаётган порахўрлик, мансабдорлик, фирибгарлик ва бошқа корррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар, уларнинг ечими атрофлича таҳлил қилинади. Бу борада ҳоким ёрдамчиларининг ҳам фикр-мулоҳаза ва таклифлари умумлаштирилиб, тегишли ташкилотларга кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА