Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган овозли чат давомида кузатувчилар томонидан берилган саволларга агентлик масъул ходими Ойбек Абдуғаниев жавоб берди.
— Коррупция, деганда фақатгина моддий манфаатдорлик тушуниладими? Таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик муносабатларига йўл қўйилганда, қандай чоралар қўлланилади?
— Бизни қонунчилигимизда коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар, яъни қилмишлар учун 3 турдаги жавобгарлик белгиланган. Булар интизомий, маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик. Интизомий жазо меҳнат муносабатлари билан боғлиқ ҳолатлар, ҳайфсан, ойлик маошидан ушлаб қолиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жарима жазо чораси, жиноий ҳолат эса алоҳида мавзу. Бизни жиноят қонунчилигимизда коррупция деган алоҳида жиноят таркиби йўқ. Жиноят қонунчилигимизда бу ўз ичига бир нечта жиноятларни қамраб олади.
Масалан, жиноят кодексининг 167-моддаси – ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, 168-моддаси – фирибгарлик. Айнан фирибгарлик жиноятини мансабидан фойдаланиб содир этса, ушбу жавобгарлик белгиланади. Айтайлик, давлат бошқаруви тартибига қарши жиноятлар 205-моддадан то 214-моддагача, 210-модда – пора олиш, пора бериш, воситачилик қилиш каби жиноятлар, шунингдек 242-модда – жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш ҳамда жиноят кодексидаги 301- моддаси ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ.
Меҳнат кодексининг 79-моддасида қариндош-уруғчилик ҳолатларига алоҳида урғу берилиб, яқин қариндошларни ўзаро бўйсунувида ишлаш мумкин эмаслиги тўғрисида қоида белгиланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/CXb6o_q1reY" title="КОРРУПЦИЯВИЙ ҲАРАКАТЛАР УЧУН ҚАНДАЙ ЖАЗО ЧОРАЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛАДИ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Ўрганишлар шуни кўрсатадики, давлат харидлари соҳасида кўп ҳолларда манфаатлар тўқнашуви учрайди. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг давлат харидлари тўғрисидаги қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Бу давлат харидлари тартиб-тамойилини бузиш, яъни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳолатлари содир этилганда, маъмурий жавобгарлик кодексининг 215-8 моддаси билан жавобгарлик белгиланади.
Айрим белгиланган чекловларга нисбатан афсуски, бугунги кунда қонунчилигимизда жавобгарлик масаласи назарда тутилмаган. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тегишли инстанцияларга юборилган.
Эндиликда қонунчилик билан айнан давлат органлари ташкилотининг мансабдор шахслари шундай ҳолатларга йўл қўйган тақдирда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли инстанцияларга юборилмоқда.
Айтайлик, давлат органлари ташкилотлари тадбиркорлик билан шуғулланиш хатти-ҳаракатларига ёки манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганда, унинг олдини олиш чорасини кўрмаганда, манфаатлар тўқнашуви бўйича ўз вақтида юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, ушбу шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Тез орада бу амалиётга татбиқ этилади.
Н. Раҳмонова, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА