Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупциясиз таълим – ёрқин келажак кафолати
19:47 / 2021-06-04

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш масаласига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда институтнинг Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги Жиноят-қидирув бошқармаси, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги Нукус ўрта махсус Ислом билим юрти мутахассислари мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳалар тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2017 йил 3 январда қабул қилинган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, келгуси вазифаларга тўхталди.

Таъкидланганидек, коррупцияга қарши кураш юртимизда Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган бўлиб, бунда энг аҳамиятли тадбирлардан бири – аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва билимларини оширишдан иборат. 

Бугунги кунда мамлакатимизда олий таълим соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айтиш жоиз, 2016 йилда Ўзбекистонда ёшларни олий таълимга қамров кўрсаткичи 9 фоизни ташкил этган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич 25 фоизга етиб, 2030 йилгача 50 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. 

Айниқса, ушбу йўналишда мамлакатимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари сони ва таълим сифатини оширишга алоҳида аҳамият қаратилиб, сўнгги йилларда уларнинг сони 77 дан 137 тага, шу жумладан, хорижий давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари филиалларининг сони 25 тага етди. 

Амалга оширилаётган мана шундай ишларга қарамай, соҳада коррупция ҳолатлари аниқланмоқда. Аммо улар жазосиз қолаётгани йўқ, қонуний чоралар кўрилмоқда. 2020 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида коррупция билан боғлиқ 77 жавобгар шахсга 59 жиноят иши қўзғатилган бўлса, шундан иккитаси олий таълим тизимига, шу йилнинг ўтган даврида 119 жавобгар шахсга 75 жиноят иши қўзғатилиб, шундан биттаси олий таълим тизими билан боғлиқ ҳолат эканлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, олий таълимда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун маълумотларни олиш электрон, ҳужжат топшириш онлайн форматларга ўтказилмоқда. Ҳозирги вақтда имтиҳонларни онлайн тарзда Интернет тармоқлари орқали очиқ-ойдин ўтказиш йўлга қўйилган. Ҳар бир олий таълим муассасасида коррупцияга қарши кураш бўйича комплеанс-назорат бўлими ташкил этилиб, мазкур йўналишдаги аниқ вазифалар белгиланган.

Тадбирда таъмагирлик, пора олиш ва пора бериш, маълум бир совға эвазига одамларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига қарши ҳаракат қилишнинг муқаддас ислом дини нуқтаи-назаридан гуноҳ эканлиги тўғрисида ҳам аниқ мисоллар билан сўзлаб берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА