Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Кейинги йилларда бу борада қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, коррупциянинг олдини олишга оид маъмурий ислоҳотлар, самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ўзининг молиявий-хўжалик фаолиятини ахлоқий, виждонан ва ижтимоий йўналтирилган ҳамда доимий равишда юқори стандартларга риоя этган ҳолда олиб боришга интилиб, бунда асосий эътиборни коррупцияга қарши йўналтирилган сиёсат ва жараёнларни ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва амалга оширишда доимий назоратни ўрнатишга қаратиб келмоқда.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ва унинг тизим-филиал ташкилотлари ходимларининг ўз иш фаолиятида коррупцион ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасиз бўлишни ва уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик талаб этилади.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Қодирия ГЭСлар каскади” филиалида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг “Комплаенс-назорат” ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ташаббуси билан 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Аксилкоррупция ойлиги доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Тадбирга “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ижро аппарати, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, “Қодирия ГЭСлар каскади” филиали жамоаси, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилинди.

Тадбир доирасида иштирокчилар учун Каскад таркибидаги “Қодирия ГЭС” (ГЭС-3) ҳамда тарихий музей-ГЭС бўйлаб экскурсия ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий қисмида маърузачилар томонидан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг коррупцияга қарши курашиш ҳамда ташкилот фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖда ГЭСларни эксплуатация қилиш, кадрлар сиёсати, харидларни мувофиқлаштириш, рақамлаштириш, АКТни жорий этиш борасидаги ишлар таҳлилига тўхталиб ўтилди.
Тадбир якунида мутахассислар томонидан иштирокчилар ва журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА
--0--