English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупциянинг яширин кўриниши
21:30 / 2020-12-20

Бу - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришдир

Коррупциявий жиноятлар бугунги кунда бутун дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан ҳисобланади. Чунки коррупция аралашган соҳа ва тармоқлар охир-оқибат инқирозга юз тутиши муқаррар.

Шу боисдан бу жиноятга қарши курашиш бўйича муҳим ҳужжатлар қабул қилинган. БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси шулардан бири бўлиб, уни кўплаб давлатлар ратификация қилган. 

Конвенциянинг 23-моддаси “Жиноий даромадларни легаллаштириш”, деб номланади. Ушбу моддадаги асосий қоидалар БМТнинг 2000 йил 15 ноябрдаги “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши” конвенциясининг 6-моддаси қоидаларига мос келади. 

Мазкур иккита конвенцияда ҳам муайян жиноятлар натижасида олинган даромадларни легаллаштирганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилган. 

Легаллаштириш ўз моҳиятига кўра – “пинҳона”, яъни яширинча капитал соҳасидаги пул маблағларини чиқариш ва уларни қонуний муомала соҳасига киритишдир. 

Жиноий даромадларни легаллаштириш жиноятига халқаро даражада эътибор берилишига авваламбор гиёҳвандлик моддалари олди-сотдиси билан боғлиқ жиноий даромадларни легаллаштириш орқали фойдаланишга чек қўйиш бўлган. Чунки айнан ушбу жиноятлар натижасида топилган даромадлар иқтисодий муомалага эркин кириб келиши қонуний иқтисод учун катта хавф туғдирган.  

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ошкора даромад манбаи бўлмасада, улар ўз реал даромадаларидан бир неча бор юқори бўлган йирик миқдордаги пул маблағлари билан операция ўтказиши, кўчмас мулк сотиб олиши ва бошқа харидларни амалга ошириши – бунинг барчаси легаллаштириш белгисидир. 

Амалиётда ушбу турдаги жиноятлар даромадларни ўтказиш, айлантириш, алмаштириш йўллари билан легаллаштирилади.

Жиноий даромадларни легаллаштириш нафақат пул маблағларини, балки муомалада бўлиши тақиқланмаган ҳар қандай турдаги мол-мулкларни бир шахсдан бошқа бир шахсга ўтказилиши тушунилади. 

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларнинг асл ҳусусиятини яшириш ёки сир сақлаш жиноий даромадлар орқали қўлга киритилган нарса ва буюмларнинг асл хусусиятини ўзгартирган ҳолда амалга оширилиб, асосан ўғирлик, босқинчилик, талончилик, пора олиш каби жиноятларнинг предмети ҳисобланган турли хилдаги буюмлар ясаш орқали уларнинг асл хусусиятини яшириш ҳисобланади. 

Халқаро ҳамжамиятда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш уюшган жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири сифатида қаралиб, легаллаштириш жинояти халқаро жиноятлар тоифасига киритилмоқда. 

Замонавий ахборот коммуникация технологияларнинг ривожланиши, халқаро пул ўтказмалари тизимининг ривожланиши, виртуал пулларнинг пайдо бўлиши каби омиллар ҳам жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятини халқаро миқёсда ҳам яна долзарб муаммога айлантирди. 

Ҳозирги кунда ушбу турдаги жиноятлар трансмиллий характер касб этиб, кундан-кунга унинг янгича усуллари пайдо бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бундай жиноятларга қарши курашда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни, ушбу жиноятларга қарши курашиш бўйича малакали мутахассисларни тайёрлашни, бу соҳадаги хорижий тажрибани ўрганишни тақозо этади. 

Жумладан, ҳозирда бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётнинг ривожланиши ва кутилаётган иқтисодий самараларга эришишга кўп жиҳатдан содир этилаётган иқтисодий жиноятлар, айниқса жиноий даромадларни легаллаштириш тўсқинлик қилмоқда. 

Бу каби иллатларга қонуний асосда курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Ушбу турдаги жиноятларни содир этганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 243-моддасига асосан жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Амалдаги жиноят қонунчилигининг бир қанча бўлимларида жиноят таркиби жиноий даромадларни легаллаштиришга ўхшаш бўлган давлат ва жамият мулкига қарши қаратилган давлат, мансабдорлик ва иқтисодий жиноятлар кўзда тутилган. 

Аммо легаллаштириш жинояти нисбатан янги таркибли жиноят ҳисобланади ва ўтказиладиган молиявий операциялар, маъмурий ва бошқа ҳаракатларнинг чуқур таҳлили асосида аниқланади.

Иқтисодиёт ва молия соҳасидаги ҳуқуқий тартибот асосларига таҳдидларни ҳисобга олиб, жиноий сармоянинг иқтисодиёт ва бошқа давлат фаолиятига кириб келишига тўсқинлик қилиш Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга. Чунки жиноятчиликнинг активларини легаллаштириш давлатнинг иқтисодий хавфсизлигига раҳна солади.

Жиноий даромадларни легаллаштиришнинг хавфлилиги шундаки, айбдор жиноят натижасида топилган даромадига қонуний тус беради ва келиб чиқиш манбасини яширади. Бу эса, ўз навбатида, содир этилган жиноятни яширади ҳамда жиноий йўл билан топилган мулкдан эркин фойдаланиш имкониятини беради. 

Бу турдаги жиноятлар асосан мансабдор шахслар томонидан коррупция орқасидан орттирилган пул маблағлари ёки мол-мулкни легаллаштириш орқали амалга оширилади. 

Шу боис коррупцияга қарши курашиш жараёнида легаллаштирилаётган мулк ва маблағларнинг келиб чиқиш манбаларини ўрганиш зарур. Юқорида айтиб ўтилганидек, нафақат малакали, балки замонавий ахборот технологияларни чуқур эгаллаган мутахассисларни бу жараёнга жалб этиш мақсадга мувофиқ. 

Хуршида Абзалова,
юридик фанлари доктори,

ТДЮУ доценти в.б.

ЎзА