“Навоийуран” давлат корхонасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Унда корхона комплаенс хизмати бошлиғи Алишер Мустафоев жорий йилнинг 11 ойи давомида корхона фаолиятида очиқликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, соҳада замонавий коррупцияга қарши курашиш тизимларини жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда корхонада комплаенс хизмати мустаҳкам институционал асосга эга бўлиб, 2025 йил аввалида унинг тузилмаси қайта кўриб чиқилди. Кузатув кенгаши томонидан “Комплаенс хизмати тўғрисида”ги низомнинг янги таҳрири тасдиқланди. Бу орқали хизматнинг мустақиллиги таъминланди ва ваколатлари кенгайтирилди.
– Ходимларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсадида Навоий вилоят ихтисослаштирилган прокуратураси, иқтисодий суд, ички ишлар бошқармаси ва қатор қўмита ва идоралар мутахассислари иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этилди, – дейди А.Мустафоев. – Шунингдек, ИСО 37001:2025 “Коррупцияга қарши менежмент”, ИСО 37301:2021 “Комплаенс менежменти” халқаро стандартлари асосида 15 нафар ходим махсус ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, сертификатга эга бўлди. 880 нафар ходимдан манфаатлар тўқнашуви декларациялари олинди. Таҳлил натижаларига кўра, 26 та ҳолат юзасидан чоралар кўрилди ва 10 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви бартараф этилди. Непотизм ҳолатларини ўрганишда 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Корхонада 104 та функция таҳлил қилиниб, 6 та функция бўйича юқори коррупциявий хавф-хатарга энг кўп мойил бўлган лавозимлар рўйхати ва мавжуд хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Корхонада совғалар бериш ва олиш, бизнес-тадбирлар, ҳомийлик ва хайрия билан боғлиқ барча жараёнлар махсус чора-тадбирлар асосида тартибга солиб келинмоқда. Бу жараён ИСО 37001 талаблари билан уйғун ҳолда амалга оширилмоқда.
[gallery-26642]
Бугунги кунда корхонада геология ва қидирув соҳасида инсон омилини камайтириш, жараёнларни автоматлаштириш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олишнинг энг самарали воситасидир.
Корхонада қидирувдан то захираларни ҳисоблашгача бўлган барча босқичларда рақамли ечимлар мунтазам жорий этилмоқда. Жумладан, “Зафаробод” кон бошқармасида геофизик маълумотларни таҳлил қилиш бўйича диспетчерлик маркази ташкил этилаётган бўлса, “Учқудуқ” геотехнологик кони захиралари рақамли технологиялар асосида қайта баҳоланяпти. Барча рухсат ишлари ягона gov.uz портали орқали амалга оширилмоқда. Бу нафақат хилма-хил маълумотлар ишловини тезлаштирди, балки ҳар бир қарорнинг ҳисобдорлиги ва назоратчанлигини кучайтирмоқда.
Тадбир сўнггида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари