Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт
22:22 / 2020-12-29

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасида айилган бу фикрлар ушбу иллатга қарши курашишнинг энг муҳим тамойили ўлароқ янгради.

Бу ғояни фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим, деб қайд этди давлатимиз раҳбари.  

Айтиб ўтиш керакки, Президентнинг Олий Мажлис тимсолида бутун халқимизга қиладиган Мурожаатномаси муҳим сиёсий воқеликка айланди. Ҳар йили Мурожаатномада давлат ва жамият ҳаётининг энг долзарб масалалари кўтарилади, муаммолар очиқ таҳлил ва танқид қилинади. 

Бу сафар ҳам худди шундай бўлди. Ислоҳотлар натижаси давлат бошқарувидаги самарадорликка узвий боғлиқ эканлигини таъкидлар экан, Шавкат Мирзиёев коррупцияга нисбатан муросасиз бўлишга алоҳида урғу берди. Негаки, коррупция бу мансабдор шахслар томонидан содир этиладиган жиноий қилмишлардан иборатлигини назарда тутсак, унинг давлат ва жамиятга етказадиган зарари теранроқ кўринади. 

Асосий қонунимизнинг 7-моддасида Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи – халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши мустаҳкамланган. Шу сабабдан ҳам ҳар бир давлат органи ва ташкилоти фаолияти самарадорлиги унинг очиқлиги, шаффофлиги, коррупцияга қарши муросасиз муносабати билан белгиланмоқда. 

Бугунги шароитда ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар, блогерлар ҳар қачонгидан фаол иш олиб бормоқда. Глобаллашув даврининг юқори суръати ҳар қандай салбий ҳодисани қисқа фурсатда кенг миқёсда тарқалишини таъминламоқда. Бу эса, айниқса, коррупция ҳолатини яширишнинг имкони йўқлигини билдиради. 

Шу масалага тўхталар экан, давлатимиз раҳбари мазкур иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарурлигини қайд этди. Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Эътиборли жиҳати шундаки, Мурожаатномада оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб, ундаб келаётганини алоҳида таъкидланди. 

Охирги пайтларда фаол гражданлик позициясидаги фуқароларимиз очиқ эълон қилинаётган давлат харидларига оид маълумотларни таҳлил қилиб, коррупцияга, манфаатлар тўқнашувига оид масалаларга жамоатчилик ва мутасадди ташкилотлар эътиборини жалб этмоқда. Бу ҳам жамият аъзолари ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш йўлидаги дадил қадамлардан дарак беради.

Маълумот ўрнида айтиб ўтсак: 2020 йил бошидан буён давлат харидларнинг махсус ахборот портали www.xarid.uz да жами 4 252,7 миллиард сўмлик 753 мингдан зиёд битим тузилган. Ўтган йилга нисбатан бу йил тузилган битимларга нисбатан сон жиҳатдан 7,1 фоизга, ҳажми бўйича 11,9 фоизга кўп. Бу рақамлар давлат харидлари соҳасидаги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш заруратини туғдиради.

Шу сабабдан Мурожаатномада коррупцияга оид ҳолатларнинг барвақт олдини олиш бўйича қуйидаги вазифалар алоҳида қайд этилди:давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни очиқ эълон қилиш; ҳокимларнинг қарор қабул қилишида шаффофликни таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш; очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш; коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири сифатида кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйиш мақсадида кадрларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизимини жорий этиш; коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйиш.

Коррупцияга қарши кураш борасида Мурожаатномада илгари сурилган вазифалар мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш, миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, энг муҳими, халқимизнинг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятидан рози бўлиб яшашларига, уларнинг фаровон турмуш кечиришларига замин яратади.

Маъруфжон Қурбонов

ТДЮУ Криминалистика ва суд 

экспертизаси кафедраси 

мудири в.б., PhD.

ЎзА