Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияни чеклаш ва солиқ маданияти орқали иқтисодиётда барқарорликка эришилади (+видео)
14:33 / 2025-08-14

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яширин иқтисодиётга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Шу йўналишда қилиниши зарур бўлган вазифаларга тўхталди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар вa туризм масалалари қўмитаси аъзоси Жамила Бобоназарова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:  

– Маълумки, яширин иқтисодиёт – иқтисодиётнинг кузатилмайдиган ёки яшириладиган, ноқонуний асосга эга таркибий қисми бўлиб, қонунлар, тартибларни четлаб ўтган ҳолда солиқлар ва мажбурий тўловларни тўламасдан, ноқонуний фойда олишга ёки фойдани оширишга йўналтирилган ҳаракатлар мажмуасидир. 

Авваллари бизнесга юқори маъмурий босим ва аралашув бўлгани учун кўпчилик ошкора ишлашдан хавфсирар ва  бюрократик тўсиқлар кўп учрар эди. Сўнгги йилларда бу йўналишда сезиларли қадамлар ташланди: солиқ турлари 13 тадан 9 тага қисқартирилди. 100 дан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Солиқ юки камайтирилди ва ортиқча расмийлаштириш жараёнлари бартараф этилди.

Натижада яширин иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги 45-50 фоиздан 35 фоизга тушди. Бироқ, бу кўрсаткични янада пасайтириш зарур.  

Яширин иқтисодиётга қарши энг самарали йўл – илғор технологиялар асосида янгича ёндашувларни жорий этиш ҳисобланади.

Бу борадаги баъзи бир мисолларга эътибор қаратсак, Тошкентда жамоат транспортида тўлов тизими тўлиқ автоматлаштирилгандан сўнг йўловчилар сони аслидагидан 30 фоиз кўпроқ экани аниқланди.

Эътиборли томони  – рақамлаштирилган бозорларда тушум 2 -3 баробарга ошган. Бундай тажрибаларни иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида, жумладан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, савдо ва хизматлар соҳаларида ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.

Лицензия ва рухсатнома бериш жараёнларини қайта кўриб чиқиш, муддатларни қисқартириш, инсон омилини камайтириш, барча босқичларни рақамлаштириш – устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, солиқ, банк, божхона, коммунал хизматлар ва сертификатлаш каби соҳаларда коррупцияга йўл очаётган омилларга чек қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтиш очиқлик омилини кучайтиради. Яъни, электрон тўловлар ва нақдсиз ҳисоб-китоблар ривожи фуқаролар учун қулайлик яратиш билан бирга, яширин иқтисодиётни қисқартиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, тўлов ташкилотлари сонини кўпайтириш ва бундай амалиётни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Эътиборли томони, Давлат раҳбари фақат жазо чоралари билан эмас, балки аҳоли ва тадбиркорларда солиқ маданиятини ошириш орқали самарага эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан, ҳалол меҳнат ва ошкора бизнес пировард натижада иқтисодий ўсиш, фаровонлик ва барқарорликка хизмат қилади.

Яширин иқтисодиётни қисқартириш – бу фақат рақамлар билан боғлиқ масала эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги ишонч мустаҳкамлиги, иқтисодий очиқлик ва адолат мезонларини таъминлаш демакдир. Илғор технологиялар, рақамлаштириш, коррупцияни чеклаш ва солиқ маданиятини ошириш орқали Ўзбекистон иқтисодиётида янада шаффоф ва барқарор тизимни шакллантиришига эришилади.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/H770OlKpUFQ" title="Korrupsiyani cheklash va soliq madaniyati orqali  iqtisodiyotda barqarorlikka erishiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Н.Абдураимова,

Ё. Мелибоев (видео), ЎзА