Тошкент шаҳар ҳокимлигида коррупцияга қарши курашиш бўйича назоратни кучайтириш, жамоатчилик билан ҳамкорлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига бағишланган ўқув тренинги бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури томонидан, Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган "Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш" қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда ҳудудий даражада коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича амалий механизмларни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳаллий ҳокимият органларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш кўникмаларини ошириш, аҳоли, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан очиқ ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тренинг дастури доирасида иштирокчилар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида коррупция хавфларини аниқлаш бўйича амалий машғулотлар, коррупцияга қарши сиёсатнинг миллий институционал асослари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда улар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишга оид кейслар муҳокамасида иштирок этди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда энг самарали амалий мисоллар ва ҳамкорлик механизмлари таҳлил қилинди.
Тренинг интерактив форматда, гуруҳли ишлар, муҳокамалар ва фикр алмашувлар орқали ташкил этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА