Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси ва ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди.
Тадбир давомида божхона органларида ҳам коррупцияга қарши курашишда ишлар жадал олиб борилаётганлиги, божхона назорати ва расмийлаштириш жараёнлари автоматлаштирилаётганлиги, махсус янги ягона автоматлаштирилган ахборот тизими дастури ишлаб чиқилиб, инсон омили кескин қисқартирилаётганлиги таъкидланди.
Коррупция порахўрлик, ижтимоий истеъмол учун мўлжалланган товарлар ва хизматларни ноқонуний ўзлаштириш, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик каби кўринишларга эга.

Маълумотларда қайд этилганидек, бошқарма ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида тамагирлик, порахўрлик, хизмат ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятлар ва бошқа салбий қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш бўйича шахсий таркиб ўртасида 121 маротаба умумий профилактик йиғилиш ўтказилган. 104 нафар ходим билан якка тартибдаги тарбиявий-профилактик суҳбат, 27 марта яширин текширув олиб борилди.
Содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари ва фуқароларнинг мурожаатларига асосан 16 маротаба хизмат текшируви ўтказилган.
Божхона соҳасини коррупциядан холи тизимга айлантириш йўлида божхона ходимининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, ҳозирги кунга қадар ҳудудий бошқарманинг 3 нафар ходимига ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўлов учун 25 фоиз миқдорида субсидия пули ажратиб берилди. 2 нафар ходимга уй-жой сотиб олиш ва реконструкция қилиш учун 600 миллион сўм миқдорида ссуда ажратилди. 5 нафар ходимга 14 фоизлик ипотека кредити олишларида амалий ёрдам кўрсатилди. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар берилган бўлиб, жами 31 нафар ходимнинг фарзанди қўшимча квота асосида давлат олий таълим муассасаларининг талабаси бўлган.
Бу борадаги учрашувлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА