Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш доирасида Агентлик раҳбарияти иштирокида Агентлик ва Жамоатчилик кенгашининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2026 йилнинг I ярим йиллигига мўлжалланган устувор вазифалари муҳокама қилинди.
2025 йилда коррупцияга қарши курашиш масалалари икки маротаба бевосита давлат раҳбари иштирокида муҳокама қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Шу даврда соҳада бешта норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
“Андижон тажрибаси” асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, шу жумладан, маиший коррупцияга барҳам бериш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини шакллантиришга қаратилган “йўл харита”лари тасдиқланди.
[gallery-27522]
– Агентлик директори ва Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳар ҳафта биттадан ҳудудда, жами 208 туман ва шаҳардаги 400 дан ортиқ объектда топшириқлар ижроси ўрганилиб, масъул шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди ҳамда ижрочиларга амалий кўмак кўрсатилди, – деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Фозилжон Отахонов. – Давлат раҳбарининг топшириғига асосан 117 ички назорат бўлинмаси раҳбарлари тўлиқ янгиланди. Ҳозирда 197 ташкилотда ички назорат бўлинмалари ташкил этилган бўлиб, уларда жами 1 минг 680 нафар ходим фаолият юритмоқда.
Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 26 инвестиция лойиҳаси устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Лойиҳаларни амалга ошириш даврида маҳаллий аҳоли орасидан 306 ташаббускор гуруҳ шакллантирилди.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунчилик талабларига риоя этиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишларда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича жами 559 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида коррупцияга оид жиноятлар ўтган йилга нисбатан 8,6 фоизга, яъни 2024 йилдаги 5 минг 716 тадан 2025 йилда 5 минг 222 тага камайди.
Вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 342 (327) та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди. Экспертиза натижаларига кўра 342 (327) лойиҳанинг 65 фоизида ёки 221 (233) тасида 499 (676) та коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича вазирлик ва идораларга тегишли тавсиялар юборилди.
Бугунги кунда 20 та халқаро ташкилот ва 30 дан ортиқ хорижий давлатнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари билан ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Қатар давлатининг Доҳа шаҳрида ўтказилган БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи давлатларининг 11-конференциясида 2027 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги глобал конференцияни Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Жамоатчилик кенгашларининг анъанавий Республика форуми доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши “Энг фаол жамоатчилик кенгаши” номинацияси ғолиби бўлди.
Н.Абдураимова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА