Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари иштирок этди.

Дастлаб Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров вилоятда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолати ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида содир этилган коррупциявий жиноятлар, уларни юзага келтирган сабаб ва омиллар ҳақида сўз юритди.
--Вилоятда жорий йилнинг 7 ойи давомида 192 та коррупция ва мансабдорлик жиноятлари содир этилган ва 257 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган,-- деди Н.Умаров.--Бу тоифадаги жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 110 миллиард сўм зарар етказилган. Жавобгарликка тортилган шахсларнинг 156 нафари мол-мулкни талон-торож қилиш, 23 нафари фирибгарлик, 14 нафари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 13 нафари пора бериш ва пора олиш, 51 нафари бошқа тоифадаги коррупциявий жиноятларни содир этган.

Йиғилишда вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармалари раҳбарлари, депутатлар сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Жиноятлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, бандлик, олий таълим, банк ва ички ишлар тизимидаги ходимларнинг жиноят содир этганлигини кўриш мумкин. Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш ва ҳокимлик тизимида бюджет маблағларининг талон-торож қилинишига кўп ҳолларда ойлик иш ҳақини ортиқча ҳисоблаб ёзиш сабаб бўлган.

Мажлисда бу каби ҳолатлар таҳлил этилиб, соҳалар масъулларидан изоҳ сўралди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов вилоятда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда ҳудудий кенгаш ва депутатлар фаоллигини ошириш, жамоатчилик билан ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Қўшма йиғилишда муҳокама қилинган масала юзасидан қарор қабул қилинди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари