Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТ ТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш ва фаоллигини ошириш” мавзусида тренинг ташкил этилди.
Тренинг машғулотлари давлат органлари вакиллари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирокида ўтказилмоқда.
– Тренингдан кўзланган асосий мақсад давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг, шунингдек, жамоатчилик фаоллари ва блогерларнинг мамлакатда коррупцияга қарши курашишдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, ушбу йўналишда аёлларнинг билим-салоҳиятини кучайтириш ва тегишли усул-воситалар ҳақида хабардор қилиш, уларни амалиётта қўллаш масалаларини атрофлича муҳокама қилишдан иборатдир, – дейди БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Камила Муҳамедхонова. 
Таъкидланганидек, кўплаб жамиятларда аёллар мунтазам равишда коррупция билан боғлиқ муаммоларга дуч келади. Афсуски, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматларидан фойдаланишда маиший коррупция ҳолатлари ҳамон тез-тез учраб туради. Бундай ва бошқа коррупциаген холатларнинг самарали олдини олиш мақсадида хотин-қизларнинг мазкур йўналишда билимларини ошириш орқали жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни тақозо этмоқда.
“Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ролини ошириш мақсадида фуқаролик жамиятини ҳамда аёллар ва ёшлар овозини мустаҳкамлаш” лойиҳаси айни шу мақсадда ишга туширилди. Мазкур тренинг бу борадаги муҳим қадамлардан биридир. Тренинг машғулотлари “Transparency International” ташкилотининг халқаро экспертлари Aлена Вандышева, Aндрей Жвирблис томонидан олиб борилмоқда.
– Мамлакатни барқарор ривожланиш мақсадларига тўсиқ бўладиган коррупция ҳолатларига қарши курашишда хотин-қизларнинг алоҳида ўрни бор, – дейди халқаро эксперт Aлена Вандышева. – Тренинг давомида улар фаоллигини қандай ошириш кераклиги ҳақида керакли маълумотларни бериб ўтамиз. – Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш лойиҳалари самарадорлигини баҳолашдаги ёндашувлар, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш юзасидан ўзаро фикр алмашилади. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда манбалар билан ишлаш, маълумотларни текшириш ва жамоатчилик билан ҳамкорликка оид тақдим этилган маълумотлар ҳам иштирокчилар учун фойдали бўлади.
Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилади.
Н. Раҳмонова,
ЎзА