Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши курашишда қандай чоралар кўрилмоқда?
13:07 / 2025-09-06

Коррупция ривожланишга, ўсишга тўсиқ бўладиган жирканч иллатлардан биридир. Мамлакатимизда ушбу иллатга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида кўплаб чора-тадбирлар йўлга қўйилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар ташкил қилинди. Коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан коррупцияга қарши курашиш ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, охирги йилларда Президентимиз томонидан жамиятда энг кўп ва қизғин муҳокама қилинадиган коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Қанчадан-қанча давлат хизматлари рақамлаштирилиб, юзлаб ортиқча маълумотларни сўраш амалиётига барҳам берилди.

Қайд этилганидек, агентлик томонидан ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат мулки объектлари билан савдоларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш портали (portal.davaktiv.uz) фаолияти йўлга қўйилди.

Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини, аввал хусусийлаштирилган давлат активлари бўйича махсус қоғозда берилган давлат ордери ёки сертификатнинг дубликатини беришда давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Шунингдек, “E-auksion” электрон савдо платформасида аукцион жараёнларида нарх манипуляциясининг олдини олиш ва иштирокчилар жавобгарлигини кучайтиришга доир янги қўшимча талаблар жорий этилди. Жисмоний ва юридик шахслар учун сотилган ва ижарага берилган давлат активлари тўловларини электрон —“Payme”, “Click” ва “Uzum Bank” мобил иловалари орқали 24/7 режимида тўлаш имкони ҳам яратилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги функцияларининг 40 таси тўлиқ рақамлаштирилиб, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда улардан қўшимча ҳужжатлар талаб қилмаслик белгиланди. Агентлик ва 27 та вазирлик, идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро электрон ахборот алмашинуви (интеграцияси) йўлга қўйилди.

Муҳокамалар давомида депутатлар агентлик фаолиятини рақамлаштиришни жадаллаштириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашда янги ва самарали усулларни қўллаш бўйича мулоҳаза ва бир қатор таклифларини билдирдилар.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА