Коррупцияга қарши курашиш агентлигида фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва миллий экспертлар, Жамоатчилик кенгаши аъзолари учун 2030 йилгача мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий стратегия лойиҳаси тақдимот қилинди.
Миллий стратегия лойиҳаси янги таҳрирдаги "Ўзбекистон - 2030 стратегияси"да белгиланган устувор мақсадларга асосланиб, коррупцияга қарши курашиш миллий тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва самарали амалга ошириш механизмларини қамраб олган.
Тақдимотда институционал асосларни такомиллаштириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш, давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ ролини кучайтириш каби устувор йўналишлар бўйича вазифа ва мақсадлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Transparency Internationalнинг Латвия, Қирғизистон ва Қозоғистондаги вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар стратегия лойиҳаси, уни амалга ошириш механизмлари ва кутилаётган натижаларни атрофлича муҳокама қилиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Экспертларнинг фикрича, вазифаларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлиги ва фаол иштироки ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Миллий стратегия лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
***
Бундан ташқари, агентликда Transparency International ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индекси (CPI)нинг сўнгги натижалари ҳамда Ўзбекистоннинг индексдаги ўрни бўйича ҳам фикр алмашилди.
Transparency International котибиятининг тадқиқотлар бўйича эксперти Р.Кукутшканинг таъкидлашича, ташкилот баҳолаш жараёнида қисқа муддатли ўзгаришларга эмас, балки узоқ йиллик умумий тенденция ва аҳамиятли динамикага эътибор қаратади.
2012 йилдан буён мазкур манбаларнинг камида бештаси Ўзбекистон бўйича ижобий силжишни қайд этган. Айрим манбалар – жумладан, Freedom House, Economist Intelligence Unit, Varieties of Democracy va World Economic Forum — кўрсаткичларида катта ўсиш кузатилмаган ёки айрим пасайишлар мавжуд. Бироқ Transparency International буни табиий статистик тебраниш, деб баҳолайди.

Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг натижалари ва келгусидаги имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. 182 давлат орасида Ўзбекистон CPI кўрсаткичи статистик жиҳатдан сезиларли яхшиланган 31 давлат қаторига киргани ижобий баҳоланди ҳамда яна ўсиш имкониятлари юқорилиги алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг индексдаги ўрнини яхшилаш бўйича қатор тавсиялар берилди. Жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини кучайтириш, сиёсий қарор қабул қилиш жараёнларида ноқонуний таъсирларни чеклаш, давлат молияси шаффофлигини ошириш, эркин ОАВ ва фаол фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, коррупция ҳақида хабар бериш учун хавфсиз фуқаролик муҳитини яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА