Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши курашиш ва киберхавфсизлик — банк тизимида устувор вазифа
11:19 / 2026-02-19

2026 йил 18 февралда “Ўзмиллийбанк” АЖ Тошкент шаҳар Бош бошқармаси таркибидаги Бектемир БХМда Марказий банк билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ҳамда киберхавфсизлик масалаларига бағишланган ҳуқуқий-тарғибот тадбири ўтказилди.

Ушбу тадбир банк тизимида қонунийликни таъминлаш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва замонавий таҳдидлардан ҳимояланиш мақсадида ташкил этилди.

Онлайн фирибгарлик ва кибержиноятларга қарши профилактика

Тадбир доирасида сўнгги йилларда кескин кўпайиб бораётган онлайн савдо орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари муҳокама қилинди. Бектемир тумани ИИО ФМБ НПВ профилактика инспекторлари томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган фейк хабарлар, криптовалюта орқали тез бойиш ҳақидаги ёлғон ваъдалар, шахсий маълумотларни қўлга киритиш орқали банк карталаридан пул ечиб олиш каби жиноят турлари ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Айниқса, киберхавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва шубҳали манбаларга ишонмаслик ҳар бир банк ходими ва мижоз учун долзарб эканлиги таъкидланди. Чунки ахборот хавфсизлиги бугунги кунда молиявий барқарорликнинг муҳим таркибий қисмига айланган.

Коррупция — тараққиётга таҳдид

Тадбирда коррупция масаласи алоҳида ўрин эгаллади. Қайд этилганидек, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига жиддий зарар етказади. У адолат тамойилларини издан чиқаради, фуқароларнинг давлат органлари ва молиявий муассасаларга бўлган ишончини сусайтиради.

2017 йил 3 январда қабул қилинган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Қонун мамлакатимизда ушбу иллатга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади. Қонунга мувофиқ, коррупция — мансаб ваколатларидан шахсий ёки бошқа шахслар манфаати йўлида қонунга хилоф равишда фойдаланишдир. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиши коррупцияга қарши курашиш тизимини янги босқичга олиб чиқди. Бугунги кунда давлат органлари қаторида банк тизими ҳам ушбу йўналишда фаол иштирок этмоқда.

Манфаатлар тўқнашуви ва чекловлар

Тадбирда давлат хизматчилари учун белгиланган чеклов ва тақиқлар, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари кенг ёритилди. Давлат хизматчисига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, хизмат ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш, мансаб вазифалари билан боғлиқ ҳолда совға ва мукофотлар қабул қилиш қатъий тақиқланиши таъкидланди. Бу борада Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги Қонун нормалари алоҳида аҳамият касб этади. Қонун давлат хизматчиларидан юксак масъулият, ҳалоллик ва қонунийликка содиқликни талаб этади.

[gallery-27735]

“Ҳалоллик вакцинаси” — маънавий иммунитет

Коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолмаслиги керак. У, аввало, ҳар бир ходимнинг ички эътиқодига айланиши зарур. “Халоллик вакцинаси” ғояси айнан шу маънода илгари сурилмоқда — яъни ҳар бир инсон ўз фаолиятида ҳалолликни устувор қадрият сифатида қабул қилиши лозим.

Банк тизимида очиқлик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш орқали мижозлар ишончини мустаҳкамлаш мумкин. Тўғри ва адолатли қарорлар қабул қилиниши эса жамиятда адолатга бўлган ишончни янада оширади.

Коррупция ва кибержиноятчиликка қарши курашиш — бугунги кунда банк тизимининг энг муҳим вазифаларидан биридир. Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, ахборот хавфсизлигини таъминлаш орқали барқарор ва ишончли молиявий муҳит яратиш мумкин.

Ҳар бир ходимнинг ҳалоллиги ва масъулияти — тизим барқарорлигининг энг муҳим кафолатидир. Зеро, адолат ва қонунийлик устувор бўлган жамиятдагина тараққиёт бардавом бўлади.

Мадина Насриева, ЎзА