ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти божхона бошқармасида “Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унга журналист ва блогерлар таклиф этилди.
Тадбирда божхона органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, уларнинг ижобий натижаси ҳақида тўхталиб ўтилди. Сўнги 2 йилда божхона органлари фаолиятига 23 та янги ахборот тизими, 14 та янги электрон хизмат ва 9 та янги мобиль илова жорий этилгани ҳам коррупция билан боғлиқ ҳолатларга барҳам беришда муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.
[gallery-20804]
Тадбирнинг иккинчи қисмида ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олиш ва божхона расмийлаштируви жараёнларини янада тезлаштириш мақсадида амалиётга жорий этилган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постига пресс-тур уюштирилди.
Янги ташкил этилган Божхона расмийлаштируви маркази орқали декларациялаш 100 фоиз масофавий шаклга ўтказилиб, товарларнинг логистика занжиридаги ҳаракати тўлиқ назоратга олингани қайд этилди.
“Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида божхона ходимлари товарлар учун тақдим этилган божхона юк декларацияларини масофадан туриб расмийлаштиради. Тадбиркорлар томонидан барча божхона юк декларациялари масофавий тақдим этилади. Ушбу тизим жорий қилиниши билан бир қаторда товарларни божхона омбори хисобланмайдиган жойларда сақлаш учун электрон мурожаат қилиш имкони яратилди. Бу эса ўз навбатида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисини аввалги тартиб бўйича Ташқи иқтисодий фаолият божхона постига вақт сарфлаб бориши ва рухсат олиши каби амалиётлардан воз кечилишига олиб келди.
Масофавий божхона расмийлаштируви тартибига ўтилиши божхона органларининг очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида коррупциядан ҳоли тизимга айланишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб берилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА