Жорий йилнинг апрель ойи “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинганлиги муносабати билан “Адолат” СДП фаоллари аҳоли орасида бўлиб, коррупциянинг мамлакат ривожидаги салбий оқибатларини тушунтирмоқда.
Партиянинг Хоразм вилоят ва Урганч шаҳар кенгашлари Адвокатлар палатаси Хоразм вилоят худудий бошқармаси билан ҳамкорликда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий- амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида ўтказилган “Аҳолининг коррупцияга қарши курашишдаги фаоллигини ошириш – қонун устуворлиги гарови” мавзусидаги тарғибот тадбири ҳам ана шу мақсадларни ўз ичига олди.

Тадбирда тиббиёт муассасидаги бошланғич партия ташкилоти аъзолари, партия фаоллари, депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга катта тўсиқ ва таҳдид бўлмиш коррупция иллати жамиятни ич-ичидан емирадиган оғир касаллик экани, коррупциянинг жамиятимизга етказаётган зарари ҳамда унинг турлари ҳақида гапиришди.

– Тарғибот тадбирларимиз давомида фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимлари анча ошганини кузатаяпмиз, – дейди партиянинг Хоразм вилоят кенгаши бош мутахассиси Гулора Исмоилова. – Халқимиз партиямизнинг “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” ташаббусини қўллаб-қувватлаб қарши олмоқда. Шу каби тадбирлар орқали аҳолимизнинг коррупцияга қарши курашишдаги фаоллигини янада оширишга эришмоқдамиз.
Вилоятда бундай тадбирлар давом этмоқда.
А.Шокиров, ЎзА