French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши курашиш: ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари фаоллиги янада ортади
11:16 / 2025-10-04

Андижонда “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда вилоят адлия бошқармаси мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари раҳбарлари, фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, талаба ёшлар иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 сентябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, аҳамияти, қарорда белгиланган вазифалар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, маъмурий ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш, мазкур жараёнларда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни, роли ва иштирокини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.  

[gallery-25592]

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш  тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди, янги таҳрирдаги конституцияга коррупциянинг олдини олиш бўйича қатор моддалар киритилди, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг тегишли бўлимида коррупцияга қарши курашиш бўйича бандлар киритилди. Бундан ташқари, Парламентнинг ҳар иккала палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, Миллий агентлик ташкил этилди.  

Давра суҳбатида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Адҳамжон Узоқжоновнинг Президентимизнинг жорий йил 19 сентябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан маърузаси тингланди. Маърузада қарорда белгиланган вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.  

Қарорда 5 та устувор вазифа белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш фаолиятида илмий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, соҳадаги ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини ҳар бир соҳа ва ҳудуд кесимида таҳлил қилиш тизимини жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ва илғор тажриба алмашиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таъкидланди. Шунингдек, социологик, илмий ва амалий тадқиқотларни тизимли асосда миллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда амалга ошириш, соҳада фаолият юритувчи олимлар, экспертлар ҳамда тадқиқотчилар фаолиятини илмий-услубий таъминлаш кўзда тутилганлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, жамоат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги лойиҳаларига ҳар йили 10 миллиард сўм миқдорида грантлар ажратиш ва ижтимоий буюртмалар бериб бориш режалаштирилгани, бунда ушбу мақсадлар учун маблағлар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ажратилган маблағларнинг йил давомида иқтисод қилинган қисми ҳамда Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги томонидан ташкил этиладиган рейтинг баҳолаш натижаларига кўра “қониқарсиз” деб топилган давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ажратиб борилиши белгиланганлиги қайд этилди.  

Давра суҳбатида маърузалар, шунингдек, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Шерзодбек Валиев, Андижон давлат университети профессори Камолиддин Юнусов, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси катта инспектори Зиёдбек Жўрабоев,  Андижон давлат чет тиллар институти профессори Хабибахон Жўрабекова ва бошқаларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари тингланди.  

Шунингдек, ўтган йиллар давомида коррупциянинг олдини олиш борасида қабул қилинган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида муҳим механизмлар яратилгани, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим элементлари бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Давра суҳбати якунларига кўра, иштирокчиларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳада коррупцияга қарши курашиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича аниқ таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда ушбу йўналишларда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Ф. Убайдуллаев,

З.Умрзоқов (сурат),  

ЎзА мухбирлари