Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
15:14 / 2026-01-29

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети юридика факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан судьялар иштирокида учрашув ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси А. Иматов, Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси Қ. Бабаназаров суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган 23-сонли қарори суд амалиётида ягона ёндашувни таъминлаш, қонун нормаларини бир хил қўллаш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида адолат мезонларини мустаҳкамлашга қаратилгани қайд этилди.

Тадбир давомида Президентнинг 2025 йил 26 декабрь куни Парламент ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатида устувор вазифа сифатида белгилангани алоҳида таъкидланди. Унда коррупция ислоҳотларга хиёнат экани қайд этилган ҳолда, 2026 йилда ушбу иллатга қарши курашиш бўйича фавқулодда чоралар кўриш зарурлиги белгиланган.

Хусусан, барча давлат идора ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат учун масъул раҳбар ўринбосари лавозимини жорий этиш, Ҳисоб палатаси вакиллари иштирокида таъсирчан молиявий назоратни йўлга қўйиш, давлат маблағлари ва ресурсларидан фойдаланишда шахсий жавобгарликни кескин кучайтириш вазифалари белгилаб берилгани қайд этилди. Шу билан бирга, мансаб ва унвонидан қатъи назар, қонун олдида барчанинг тенглиги, ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк тизими, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар фаолияти тўлиқ назоратга олиниши таъкидланди.

Судьялар таъкидлаганидек, комплаенс хизмати фаолиятига тўсқинлик қилиш коррупцияга шериклик сифатида баҳоланади ҳамда қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Мазкур ёндашув коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва давлат органлари фаолиятида очиқлик ҳамда ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рақамли суд амалиёти ва коррупцияга қарши курашишнинг амалий механизмлари юзасидан фикр алмашдилар.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири