Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши курашиш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда
17:16 / 2025-12-24

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекция тизимида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш давлат сиёсатида белгиланган устувор вазифалардан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Бу йўналишда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда рақамли ечимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда инспекция тизимида коррупцияга қарши курашишни тартибга солувчи меъёрий-ташкилий база шакллантирилиб, соҳада очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган комплекс чоралар кўрилмоқда. Хусусан, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда ходимларда ҳалоллик ва масъулият маданиятини шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзагроинспекция” бошлиғи Аброл Ваҳобов бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди:

– Ҳозир биз тизимда коррупцияга қарши курашишни тартибга солувчи 12 та ички ҳужжатни ишлаб чиқдик ва уларнинг ижросини доимий назоратда олиб бормоқдамиз. Шунингдек, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун асосида Намунавий идоравий дастур қабул қилинди. Ушбу дастур доирасида 1 012 нафар ходим декларациясини топширди. Таҳлиллар натижасида 63 нафар ходимда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, улар тўлиқ бартараф этилди.

Бизнинг мақсадимиз коррупцияга нисбатан барқарор ва шаффоф муҳит яратиш. Шу боис онлайн хабар бериш тизимини жорий қилдик. Ҳозир 4 та алоқа канали 24 соат фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, 1 500 дан ортиқ буклет ва инфографик материаллар тайёрлаб, ходимларга тарқатдик. Умумий тарғибот тадбирларини ҳам мунтазам ўтказиб келмоқдамиз.

Коррупцияга қарши билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида 25 та ўқув-тренинг ҳамда 45 та профилактика тадбири ташкил қилинди. Шунингдек, 750 нафар ходим иштирокида аноним сўровномалар ўтказиб, тизимдаги хавф-хатарлар таҳлил қилинди.

Янги ишга қабул қилинган ва коррупция хавфи юқори бўлган 146 нафар ходим “Коррупцияга қарши виртуал академия” орқали таълим олди. Бизнинг асосий вазифамиз – профилактика, таълим ва шаффофлик. Шу боис ишга қабул қилишда номзодларнинг коррупцион хавфини баҳолаш тизими жорий этилди ва ҳисобот даврида 745 нафар номзод текшириб чиқилди.

Шунингдек, ходимлар билан тузиладиган меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус бандлар киритилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура томонидан белгиланган “Коррупциядан холи муҳит” яратиш чора-тадбирлари ҳам изчил амалга оширилмоқда.

Ҳозир тизимда 11 турдаги хизмат рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, “Коррупцияга қарши дахлсизликни мустаҳкамлаш” ва “Коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратиш” мавзусида ўқув-семинарлар ҳам давом этмоқда.  

Нилуфар Бозорова, ЎзА